АЭРОСТАТ АСТРОНОМИЯСИ

АЭРОСТАТ АСТРОНОМИЯСИ — астрономиянинг космик жисмларни аэростатга ўрнатилган телескоп ва б. илмий аппаратлар ёрдамида кузатишга асосланган бўлими. Ер сирти яқинида атмосфера бир текис исимаганлиги сабабли, турбуленция ҳодисаси рўй беради, натижада кузатилаётган ёритқич нуқта эмас, балки ёруғроқ доғ шаклида кўринади. Бунга юлдузларнинг милтиллаши мисол бўла олади. Бундан ташқари, атмосферанинг қуйи қисми космик жисмлардан келадиган ультрабинафша (X < 3900 А) ва инфрақизил (X > 7600 А) нурларни кузатишга ҳам халақит беради. Атмосферадаги турбуленция-милтиллаш эффекти билан боглиқ муаммоларни ўрганиш ва космик жисмлардан келадиган нурларни кузатиш учун 20 — 30 км баландликка кутариладиган стратосфера аэростатларидан фойдаланилган. Аэростат астрономияси бизга энг яқин юлдуз — Қуёшнинг инфрақизил нурларини ўрганишдан бошланди. Ультрабинафша нурларни кузатиш учун аэростатлар кўтариладиган баландлик кифоя қилмайди. Шунинг учун ҳозир Ер сунъий йулдошлари ёки 60 км гача баландликка кўтариладиган ракеталардан фойдаланилади.