АЪЗАМОВ

АЪЗАМОВ Ғани (1909.9.5, Тошкент) — Ўзбекистон халқ артисти (1961). Фаолиятини 1930 й. Ҳамза театрида бошлаган. «Ҳалима» мусиқали драмасидаги Раҳим ямоқчи унинг биринчи роли. Уйғуннинг «Қалтис ҳазил» комедиясидаги Мамарасул саҳнадаги илк ютуғидир. У юзга яқин мукаммал образлар яратган. Домла имом («Бой ила хизматчи»), Мунажжим («Алишер Навоий»), Арслоншер («Чин муҳаббат»), Соқи сумбат («Тоға-жиянлар»), Қамбар («Қутлуғ қон»), Юсуф («Сўнгги нусхалар»), Омонёр («Қонли сароб»), Бобчинский («Ревизор»), Лаунс («Вероналик икки йигит») ва б. шулар жумласидан.

Аъзамов ҳажвий, драматик, лирик ролларни бир хил маҳорат билан ўйнайди. У қандай роль ўйнамасин, ўзининг ҳажвкорлик истеъдодини, ўткир кииоясини ишга солади, ушоқролларни ҳам ҳаётий тафсилот билан бойитиб эсда қолдиради. «Ромео ва Жульетта», «Ганг дарёсининг қизи» спектаклларидаги Петр ва Набикори ролларида бир сўз демасада, ўз шахсиятидан маҳрум, мудроқ босган, нимжон, иродасиз кишилар қиёфасини гавдалантирди. У яратган Мўмин («Олтин девор»), Алмандар («Алмандар») образлари актёр ижодида алоҳида ўрин тутади. Уста Мўминда актёр кулги талқинини ўрни-ўрнида фожиага яқинлаштирди. С. Аҳмаднинг унга атаб ёзган «Куёв» комедиясида Аъзамов гавдалантирган Ғани тимсолида ёлғизлик фожиаси ёритилди. Фильмлардаги асосий роллари: Сартарош («Мафтунингман»), Қамбар чўлоқ («Қутлуғ қон»), Домла имом («Бой ила хизматчи»), Қора шоҳ («Икки дил достони»), Холмат («Суюнчи»), Серҳунар чойхоначи («Темир хотин») ва б. «Наштар» сатирик киножурналининг энг фаол иштирокчиларидан. Ҳамза номидаги Ўзбекистон Давлат мукофоти лауреати.

F. Аъзамов Мўмин ролида (Э. Воҳидов, «Олтин девор»).