АЧЧИ (АТЧИ) СУРИЛМАСИ

АЧЧИ (АТЧИ) СУРИЛМАСИ — Оҳангарон дарёси юқори оқимининг чап соҳилида 1972 й. баҳорида вужудга келган улкан сурилма. Саҳни 8 км2 бўлган 800 млн. м3 ҳажмдаги тоғ жинси сурила бошлади. Аччи (атчи) сурилмасининг дастлабки белгилари 70-й. лар аввалида намоён булган. Микрорельефда энг кўп жиддий узгаришлар 1973 й. дан бошланган (йирик ёриқлар пайдо бўлди, турар жой бинолари ва иншоотлар шикастланди, автомобиль йўллари ва Оҳангарон дарёси кўприги деформацияланди). Сурилма Тешиктош шаҳарчасини, «Еростигаз» ст-яси ва Ангрен ш. қуйи қисмини босиши ҳамда Ангрен ГРЭСга сув берувчи канални тўсиб, кўмир ҳавзасини сув остида қолдириш хавфини туғдирди. Сурилма тезлиги дастлаб суткасига 1—2 мм, кейинроқ 17 мм га етди. Дунёда энг катта сурилмалардан бири бўлган Аччи (атчи) сурилмасининг пайдо бўлишига у ерда 8 км2 майдонда 1947 й. дан шахта усулида узлуксиз кўмир қазиб олиниши, 1961 й. дан кўмирнинг бир қисмини ер остида газга айлантирилиши натижасида бўшлиқ пайдо бўлиши, 40—65 м қалинликда 60 млн. м3 кон чиқиндилари тўкмаси (отвал)нинг уюмланиши, яъни назоратсиз антропоген омиллар сабаб бўлди. Буларнинг барчаси тоғ жинслари қатламида табиий мувозанатнинг бузилишига олиб келди. Кўмирнинг шахта усулида қазиб олиниши, 100—130 м чуқурликда 5—15 м қалинликдаги кўмир қатламининг газга айлантирилиши 1960 й. даёқ 60 га ерда сурилма содир булишига, ер усти қатламининг 45 м гача сурилиши ва 4—15 м чўкишига сабаб булган эди. Загсан сурилмаси ҳам ер ости сувлари режимини ўзгартирди. Аччи (атчи) сурилмаси фавқулодда мураккаб ва хавфли вазиятни вужудга келтирди. Уни бартараф этиш мақсадида республика ҳукуматининг махсус қарори асосида тезкор эксперт-методик кенгаш ташкил қилиниб, унга тегишли ташкилотлар жалб қилинди. Кўлами жиҳатидан улкан фалокат келтириб чиқариши аён бўлган сурилманинг зудлик билан тўхтатиб қолиш чора-тадбирлари белгиланди. Тавсияларни мувофиқлаштириш ва амалий ишларни бажариш Геология ва минерал ресурслар давлат қўмитасининг «Ўзбекгидрогеология» бирлашмаси зиммасига юкланди. Юздан ортиқ бургилаш ишлари олиб борилди ва сурилма майдонининг муҳандислик-геологик ва гидрогеологик ҳолатлари ўрганилди. Сурилмани тўхтатиш учун 120 млн. м3 ҳажмда тоғ жинси келтирилиб дарё буйига 3,2 км масофага ётқизилди ва дамба (контрфос) ҳосил қилинди. Тешиктошнинг 13 минг аҳолиси бошқа ерга кўчирилди, Оҳангарон дарёси янги ўзан (6 км ли айланма канал)га буриб юборилди. Аччи (атчи) сурилмаси тезлиги камайтирила бориб, 17 йилдан кейин тўхташ фазасига эришилди. Сурилманинг барқарорлаштиришга эришилиши табиий офатларнинг олдини олишда жаҳон амалиётида катта воқеа бўлди. Аччи (атчи) сурилмасини «Ўзбекгидрогеология» бирлашмаси қошидаги Хавфли геологик жараёнларни кузатиш давлат хизмати томонидан назорат қилиб бориш давом этмоқда.

Олимжон Охунжонов.