АЧИТҚИДОШЛАР

АЧИТҚИДОШЛАР, турушдошлар (Saccharomycetaceae) — халтачалилар синфининг бир ҳужайрали замбуруғлар оиласи. Кўпчилиги куртакланиб, айримлари бўлиниб урчийди. Маълум шароитда уларда спорали халтачалар юзага келади. Ҳужайралари жуда майда, фақат микроскоп ёрдамида кўриш мумкин, анаэроб шароитда қанд моддаларининг спиртли ачишига сабаб бўлади, бунда қанд моддалари этил спирт билан карбонат ангидридга ажралади. Ачитқидошлар қадимдан хамир, пиво, вино (май) ва спирт тайёрлашда қўлланиб келинган. Оқсил, ёғ ва турли витаминларга бой бўлганлигидан озиқ-овқат ва фармацевтика саноатида фойдаланилади.