АЦЕТАТ ТОЛА

АЦЕТАТ ТОЛА, ацетат ипак — ацетилцеллюлозадан олинадиган сунъий тола. А. т. 140 — 150° гача т-рага бардош беради, бундан юкрри т-рада деформацияга учраб, шаклини ўзгартиради. Ацетат тола қовушқоқлиги, юмшоқлиги, чиройлилиги, кимёвий пишиқлиги ва қуёш нури таъсирига чидамлилиги сабабли саноатда тобора кўп ишлатилмоқда. Таркибидаги гидроксил ва ацетил гуруҳларнинг нисбий миқдори билан фарқланувчи Ацетат толалар тўқимачилик саноатида кўплаб ишлатилади. Мас, триацетат тола асосан техникада қўлланилади, унинг электр токини ўтказмаслик хусусияти барча сунъий ва табиий толаларникидан устун туради. Ўзбекистонда пахта толасининг чиқиндиси — момиқ асосида Ацетат толалар и. ч. йўлга қўйилган.