АХТАЛАШ

АХТАЛАШ, бичиш — урғочи ва эркак ҳайвонларнинг жинсий безларини олиб ташлаш, уларни бепушт қилиш ёки жинсий фаолиятини тухтатиш мақсадларида эркак ҳайвонларнинг уруғ тизимчасини узиш. Ҳайвонлар хўжалик ҳамда даволаш мақсадларида ахталанади. Ахталанган ҳайвон ювош бўлиб қолади, тез семиради, гўшти сифати яхшиланади, қўйлар кўп жун беради. Ахталаш операцияси очиқ усулда — мояк халтачасини батамом ёриб, ёпиқ усулда — халтачани тўлиқ ёрмасдан туриб моякларни олиш, қонсиз усулда — моякларни қолдириб, уруғ йўлини узиш ва қонли усулда — халтачани бутунлай кесиб ташлаш йўллари билан ўтказилади. Одатда, айғирлар 2 — 3 ёшда, буқачалар 3 — 6 ойлигида, туялар 2,5 — 3 ёшда, қўчқорлар 2 — 4 ойлигида ахталанади. Чўчқа, қуён, товуқ, сигир, биялар ҳам ахталанади. Эркак ҳайвонларни Ахталаш орхиэктомия, урғочиларини Ахталаш овариэктомия дейилади.