АФРОСИЁБ

АФРОСИЁБ — мифологик образ. 1) Авестода Франгхрасйан деб аталган. Авестода Афросиёб шоҳлик илоҳий мартабаси — фарн (хварно)ни қўлга киритиш учун мифологик Ворукаша денгизи тубига тушишга аҳд қилади ва бунда Анахитадан ёрдам сўрайди. Лекин у бу илтимосни рад этади. Франгхрасйан уст-бошини ечиб денгиз тубига 3 марта шўнғийди, аммо ҳаракати зое кетади. Авестода у самарасиз ҳаракат қилаётган афсонавий образ сифатида намоён бўлади. Бу мавзу Авестодан «Шоҳнома»га ҳам ўтган. Лекин Афросиёбнинг Эрон подшоҳлари билан жангга киришуви — яъни Эрон билан Туроннинг мифологик рақобати ғояси Авестода йўқ. Афросиёбни Эрон шоҳларининг душмани қилиб кўрсатиш ғояси ёзма адабиётга биринчи бўлиб Фирдавсий «Шоҳномаси» орқали кирган. У Фаридун (Траэтаона)нинг Тур исмли ўғлидан тарқалган шажарага мансуб. Отасининг исми — Пашанг. Бу талқинда Фирдавсий замони учун муҳим бўлган турк давлатчилиги ва эроний давлатлар ўртасида тарихий юзма-юз туриш — ҳарбий-сиёсий мухолифлик ўз аксини топган. Шу билан Афросиёбнинг илоҳий олий бахт, ҳокимият рамзи — фарн илинжидаги мифологик шахс қиёфаси тарихийлик касб этган. Мифологик тасаввурдан ўсиб чиққан адабий анъана, яъни Афросиёб Турон подшоҳи деган тушунча туфайли халқ орасида Самарқанднинг қадимий қўрғони, Тошкентдаги Мингўрик харобалари, Бухородаги Ромитан қўрғони каби ёдгорликларни унинг номи билан боғлаш ҳануз сақланган.

2) Туркий ёзма ёдгорликларда Афросиёб эпик қаҳрамон Тўнга алп Эр (Юсуф Хос Ҳожибаа), Алп Эр Тўнга (Маҳмуд Кошғарийда) билан бир шахс қилиб кўрсатилган. Бу қиёсланиш ҳар икки образни Турон билан боғлиқлиги туфайли юзага келган. Баъзи олимлар (А. Абдураҳмонов) А. ни тарихий шахс деб ҳисоблайдилар. Аслида Афросиёб ва Алп Эр Тўнга мифлари орасида катта тарихиймаданий тафовут ва анахронизм мавжуд. Афросиёб ибтидоий тафаккурнинг мифологик ҳосиласи, Алп Эр Тунга эса Турк давлатчилиги даврларининг умумлашмаси сифатида алоҳида ўрганилиши лозим.

3) Туркий халқлар бобокалони, туркийлар подшоси, баҳодир, жаҳонгир йўлбошчи. Қорахонийлар ва салжуқийлар ўз шажараларини Афросиёбдан бошлаганлар.

Турли ёзма манбаларда Афросиёб ҳақидаги маълумот турлича. Мас, «Бухоро тарихи» (Наршахий)да Афросиёб 2000 йил яшаган афсунгар, куёви Сиёвушнинг қотили, Ромитан қалъаси бунёдкори ва, ниҳоят, Сиёвуш қасоси учун ўғли Кайхусрав томонидан ўлдирилган деб кўрсатилади.

Мирсодиқ Исҳоқов.