АФРИКА ТАРАҚҚИЁТ БАНКИ

АФРИКА ТАРАҚҚИЁТ БАНКИ (African Development Bank) — Африка мамлакатларининг иқтисодий ва ижтимоий ривожлантириш дастурларини кредит билан таъминлайдиган давлатлараро минтақавий банк. 1963 й. да ташкил этилган. 1967 й. дан бошлаб фаолият олиб боради. Бошқаруви Абиджон ш. да (Кот-д’Ивуар Республикаси). Унга Африканинг 50 мамлакати, бошқа минтақалардан 25 мамлакат аъзо (шу жумладан Югославия, Хитой). 1980-й. лар охирида устав капитали 6,5 млрд АҚШ долларини ташкил этди, унинг 2/3 қисми Африка давлатларига тегишли. Икки филиали бор (Африка тараққиёт фонди ва Нигерия траст фонди). Кредитларнинг ярмидан кўпроғи қ. х. ва инфратузилмаларга йўналтирилади.