АФОНИЯ

АФОНИЯ (юн. а — инкор қўшимчаси ва phone — овоз) — шивирлаб гапириш қобилияти сақлангани ҳолда овоз чиқмай қолиши. Афония турли касалликлар: ҳиқилдоқ, нерв системаси, шунингдек организмнинг умумий касалликлари белгиси бўлиши мумкин. Чин, паралитик, функционал ва спастик хиллари бор. Овоз бойламларининг етарли юмилмаслиги ёки тебранмаслиги билан кечадиган касалликларда (яллиғланиш, рак ва ҳ. к.) чин А. рўй беради. Ҳиқилдоқ нерви фаолиятининг бир томонлама бузилиши (қалқонсимон без операцияси ва б.), нерв касалликлари паралитик Афонияга сабаб бўлиши мумкин. Одатда, асабий беморларда овоз бойламларини ҳаракатлантирувчи нерв механизмларининг вақтинча тормозланиши, руҳий изтироб, қўрқиш ва б. натижасида функционал Афония юзага келади. Халқум ва ҳиқилдоқ шиллиқ қаватига ўювчи кимёвий моддалар таъсир этиши ва б. спастик Афонияга сабаб бўлади.