АУДИТ

АУДИТ (инг. audit — у эшитади) — му-айян ваколатлар берилган шахслар — аудиторлар (аудиторлар фирмалари) томонидан хўжалик юритаётган субъектларнинг молиявий ҳисоботлари тўғрилигини, улар амалга оширган молиявий ва хўжалик операцияларининг мамлакат қонунларига мувофиқлигини текшириш мақсадларида ўтказиладиган молия ҳужжатлари экспертизаси ва таҳлили; тафтиш. Унинг ички Аудит ва ташқи Аудит турлари бор. Ички Аудит бошқарувнинг корхона хўжалик фаолияти тўғрисида ахборот олиш, менежерлар ҳисоботининг ҳаққонийлигини тасдиқлаш мақсадларини кўзлайди. Ташқи Аудит ўзаро мустақил томонлар (корхона ва аудиторлик фирмаси) ўртасида шартнома асосида амалга оширилади. Аудитда корхона молиявий ҳисоботининг тўғрилигига баҳо берилади, унинг амалдаги қонунчиликка мос келиши тасдиқланади. Аудит йўналишига кўра умумий Аудит (корхоналар, бирлашмаларнинг ташкилий-ҳуқуқий шакли ҳамда мулкчилик турларидан қатъи назар), банк А., суғурта ташкилотлари Аудит, инвестиция институтлари Аудит ва б. га бўлинади (қ. Аудиторлик хизмати).