АТТИЛА

АТТИЛА Мундцук ўғли (Эцела, Отилахон, Этилли; лақаби — «Худонинг ғазаби») (? — мил. 453) — гуннлар подшоҳи. Мил. 433 й. амакиси Рутила вафот этгач, биродари Бледа (Билада) билан бирга тахтга ўтирган; лекин 445 й. Бледани қатл этиб, ҳокимиятни якка бошқарган. Аттила ўзининг зафарли юришлари билан салтанат ҳудудини ниҳоятда кенгайтирган. Аттила давлати Шаркда — Кавказ, Ғарбда — Рейн дарёси, Шим. да — Дания о. лари, Жан. да — Дунай дарёсининг ўнг соҳилини қамраб олганди. Аттила қудратли ҳукмдор бўлган, шу туфайли кўпгина халқлар унга ўз ихтиёрлари билан бўйсўнганлар. Аттила халқларнинг кучли иттифоқини ташкил қилиб, унинг таркибига: остготлар, гепидлар, тюрингияликлар, геруллар, ругийлар, хазарлар ва б. ни киритган. Аттиланинг қароргоҳи Венгриянинг шим. даги Токай мавзеида бўлган. Аттила дастлаб Дунайнинг қуйи оқимидаги сўл қирғоқ ерларни ўз ҳокимиятига бўйсундирган. Мизия, Фракия, Иллирикани талон-тарож қилиб, то Константинополга қадар етиб борган ва Византия императорини жуда катта тўловлар тўлашга (447) мажбур этган. 450 й. А. 500 минг кишилик қўшин тўплаб ғарбга юриш қилган. А. Германиядаги Рейн дарёсидан ўтиб Трир, Мец, Аррас ва б. шаҳарларни вайрон қилган. Орлеан ш. ни қамал қилганда шаҳарга ёрдамга Ғарбий Рим императори Валентиниан III нинг саркардаси Аэций ва вестготлар подшоҳи Теодорих етиб келган. Аттила қамални бўшатиб 451 й. кузда Труа ш. яқинидаги Каталаун майдонига келиб жойлашади. Мана шу майдонда халқларнинг буюк жанги содир бўлган (қ. Каталаун жанги). А. кучи бу жангдан сўнг анча заифлашгани туфайли олдинга қараб юришни давом эттирмай, Рейн ортига, Германияга қайтади. 452 й. у янгидан сафар уюштириб, Шарқий Альп тоғлари орқали Италияга бостириб кириб Аквилеяни вайрон қилади, Альтинум, Падуя, Милан ва б. кўпгина шаҳарларни эгаллаган; Рим ва бутун Италия хавф остида қолади; лекин Аттила ўзининг зафарли юришини тухтатиб сулҳ битими тузади. Аттила 453 й. Паннонияга қайтиб келиб, шу ерда вафот этган. Аттиланинг вафоти билан гуннларнинг жаҳоншумул давлатининг қудрати синган; унинг ўғли Эрнак даврида, Нетад дарёси (Паннонияда) бўйидаги жангда герман ва скиф қабилалари ўз мустақилликларини қайтариб олганлар. Гуннлар барпо этган давлат парчаланиб кетган. Аттила ҳақидаги кўплаб қўшиқ ва ривоятлар узоқ вақтларгача сақланиб қолган.