АТРЕК — Эрон ва Туркманистондаги дарё. Уз. 669 км. Ҳавзасининг майд. 27,3 минг км2. Себаз ва Сулах дарёларининг қўшилишидан ҳосил бўлиб, Туркманистон-Хуросон тоғларидан бошланади ва ботқоқли дельта орқали Каспий денгизига қуйилади. Атрек қор ва ёмғирлардан сув олади, баҳорда тўлиб оқади, ёзда эса жуда камайиб, қуйи қисми бутунлай қуриб қолади. Атрек кам сувли дарё, ўртача йиллик сув сарфи Қизилатрек ш. яқинида 9,2 м3/ сек, максимал сув сарфи баъзан 100 м3/ сек га етади. Юқори қисмида тор, чуқур водийдан оқади. Атрек суви лойқа: ҳар бир м сувда 18 кг оқинди бор. Дарёнинг кўп суви Эронда Машҳад-Кучан водийсини суғоришда сарф бўлиб, Туркманистонга, хусусан ёзда сув кам келади. Атрекнинг энг катта ўнг ирмоғи — Сумбар.