АТОИЙ

АТОИЙ (15 – а., Балх) — шоир. Яссавий авлодидан. Самарқанд, Бухоро ва Балхда яшаган. Туркий, форс ва араб адабиётларини чуқур ўрганган. Туркий ва форс тилларида ижод қилган. Навоий («Мажолис ун-нафоис») А. ҳаёти ва ижоди ҳақида тўхталиб, «Мавлоно Атоий Балхда бўлур эрди. Исмоил ота фарзандларидиндур, дарвешваш ва хушхулқ, мунбасит (очиқ чеҳрали) киши эрди. Ўз замонида шеъри атрок (туркий тилда сўзловчилар) орасида кўп шуҳрат тутти. Бу матлаъ анингдурким: Ул санамким сув яқрсинда паритек ўлтурур, Ғояти нозуклукиндин сув била ютса бўлур.

…Мавлоно кўп туркона (содда, равон) айтур эрди…», дейди. Навоий «Насоим ул-маҳабба мин шамоим илфутувва» («Муҳаббат шабадалари») асарида Исмоил ота Аҳмад Яссавийнинг иниси Иброҳим отанинг ўғли эканини айтади. Атоий девонининг муқовасида ва қўлёзманинг охирида «Девони Шайхзода Атойи» деб қайд этилиши ҳам Атоийни шайхлар оиласидан келиб чиқан дейишга асос беради. Навоийнинг хабар беришича, Атоий Улуғбек саройи шоирлари орасида ҳам бўлган.

Атоий ғазалнавис — лирик шоирдир. Унинг ғазалларида муҳаббат мавзуи билан бир қаторда май ҳам куйланади. Майда ҳаёт завқи, унинг барча гўзалликлари ва лаззатлари васф этилади. Май Атоийда Умар Хайём рубоийлари ва Ҳофиз ғазалларидаги каби ҳаёт тимсолидир.

Атоий лирикасида халқ иборалари, таъбирлар, мақол ва маталлар, эртак мавзуларига оид сўзлар кўп. Ғазалларини асосан арузнинг рамал баҳрида ёзган; вазни енгил, мисралари қисқа, сўзлари оддий, услуби содда ва равон. Шунинг учун ҳам унинг шеърлари халқ қўшиқларига айланиб кетган. Атоий тажоҳули орифона, лаф ва нашр каби тасвир восита ва усуллари ҳам яратган. Шоир ижоди бизгача тўла етиб келмаган. Девонининг тахм. 16 – а. да кўчирилган, 260 ғазални ўз ичига олган қўлёзма нусхаси Санкт-Петербургда сақланади.

Ас: Танланган асарлар, Т., 1958; 2 – нашри, Т., I960; Избраннўе газели, Т., 1960.

Ад:. Рустамов Э., Ўзбекская поэзия в первой половине XV века, Т., 1963; Маллаев Н., Ўзбек адабиёти тарихи, 1-китоб, Т., 1976.