АТМОСФЕРА СТРАТИФИКАЦИЯСИ

АТМОСФЕРА СТРАТИФИКАЦИЯСИ — атмосферада т-ранинг баландлик бўйича тақсимланиши. Қуруқ ёки сув буғига тўйинган ҳавога нисбатан Атмосфера стратификацияси турғун, беқарор ёки нейтрал бўлиши мумкин. Атмосфера стратификациясининг бундай ҳолатларини кузатиш учун т-ранинг қуруқ адиабатик (қ. Адиабата), нам адиабатик ва вертикал градиентларидан фойдаланилади. Адиабатик вертикал йўналишда ҳавонинг ҳаракатида баландлик бирлигига тўгри келадиган т-ра пасайиши т-ранинг вертикал градиенти (у) деб аталади. Қуруқ ёки сув буғига тўйинмаган ҳаво бўлса, қуруқ адиабатик градент (уо), сув буғига тўйинган нам ҳавода эса нам адиабатик градиент (ун) деб юритилади.