АТЛАНТИКА ОКЕАНИ

АТЛАНТИКА ОКЕАНИ — Ер шарида катталиги жиҳатидан Тинч океандан кейин 2 – ўринда турадиган океан.

Табиий географик очерк. А. о. шимолда Гренландия ва Исландия о. лари, шарқда Европа ҳамда Африка, ғарбда Шим. ва Жан. Америка, жан. да Антарктида орасида жойлашган. Узунлиги шим. дан жан. га 15 минг км, энининг энг камбар жойи 2830 км (экватор яқинида). Майд. денгазлари билан биргаликда 91140,8 минг км2, ўртача чуқ. 3332 м, сувининг ўртача ҳажми 337541 минг км3 (денгизларсиз майд. 82441,5 минг км2, ўртача чуқ. 3926 м ва сув ҳажми 323613 минг км3).

Атлантика океани оролларининг кўпчилигиматериқдан ажралиб чиққан бўлиб, қирғоқлар яқинидадир (Буюк Британия, Ирландия, Ньюфаундленд, Катта Антил ва қисман Кичик Антил о. лари, Канар, Яшил Бурун, Фолкленд о. лари ва б.). Океаннинг ички қисмида орол кам. Борлари ҳам вулкан оролларидир (Азор, Сан-Елена, Тристанда-Кунья ва б.).

Рельефи ва геологик тузилиши — А. о. тубидаги улкан Ўрта Атлантика тизмаси океанни ғарбий ва шарқий қисмларга бўлиб туради. Бу тиз-мадан ғарб ва шарқ томонларда сув ости платолари, тизмалар ва баландликлар бор. Баландликлар ғарбда Лабрадор, Шим. Америка, Гвиана, Бразилия, Аргентина ва б. сойликларни; шарқда Ғарбий Европа, Шим. Африка, Гвинея, Ангола, Кап, Агульяс сойликларини; жан. да Африка-Антарктида сойликларини ажратиб туради. Бу сойликларнинг чуқ. 3000 м дан 7200 — 7300 м гача. Энг чуқур жойлари 8385 м, 8428 м. Сув ости тоғларининг тепалари айрим жойларда сув юзасидан кўтарилиб туради (Бермуда, Азор, Канар, Яшил Бурун, Фернанду-ди-Норонья, Сан-Елена, Тристанда-Кунья о. лари ва б.). Океан тубидаги чўкиндиларнинг қалинлиги баъзи жойларда 800 — 1000 м га етади. Туб жинслар материк ён бағирларида чиқиб қолган. Чунончи Ўрта Атлантика тизмаси қиррасида базальт ва габбро каби жинслар учрайди.

Атлантика океани меридиан бўйлаб катта масофада чўзилганлигидан океан юзасида иқлим шароити жуда хилма-хил. Атлантика океани шимолда экваториал иқлим минтақасидан субар-ктика иқлим минтақасигача ва жан. да Антарктика иқлим минтақасигача бўлган иқлим минтақаларини ўз ичига олган. Атлантика океанининг катта қисми, яъни 40° ш. к. билан 40° ж. к. ораси экваториал, тропик ва субтропик иқлим минтақаларидадир. Атлантика океани устида Исландия ва Антарктида атмосфера минимумлари, Шим. Атлантика ва Жан. Атлантика атмосфера максимумлари вужудга келади. Ана шу атмосфера марказлари таъсирида ўртача кенгликларда кучли ғарбий шамоллар, Шим. ва Жан. ярим шардаги субтропик ва тропик кенгликларда эса шим.-шарқий ва жан.шарқий (пассат) шамоллар ҳосил бўлади. Энг кучли ша-моллар Атлантика океанининг Жан. ярим шардаги ўртача кенгликларида эсади. Шим. тропик кенгликларда июндан окт. гача давом этадиган кучли бўронлар бўлиб туради. Ҳаво т-раси қишда, фев. да (А. о. нинг жан. қисмида эса авг. да) экваторда 25° бўлса, 60° ш. к. да 0°, 60° ж. к. да — 8 дан —10° гача бўлади. Атлантика океанининг чекка шим. ғарби ва жан. да т-ра — 25° ва ундан пастга тушади. Езда, яъни авг. ойида эса (А. о. нинг жан. қисмида фев. ойида) т-ра экваторда 26 — 28° бўлса, 60° ш. к. да 8 — 12° ва 60° ж. к. да 0 — 2° бўлади.

Атлантика океанининг гидрологи к режими иқлим шароитлари таъсирида, қўшни океанлар ҳамда Ўрта денгиз сувлари билан алмашиниб туриши, шунингдек теварак-атрофдаги қурукликлар таъсирида вужудга келади. Атмосфера циркуляцияси таъсирида океан юзасидаги оқимлар субтропик ва тропик кенгликларда антициклонал айланма, шим. ўртача ва жан. юқори кенгликларда эса циклонал айланма ҳаракат килади. Атлантика океанининг характерли хусусияти шундаки, бу ерда Гольфстрим ва унинг давоми бўлган Шим. Атлантика оқими ғарбий ва шим. тармоқларга бўлиниб кетади. Оқимлар океан юзаси ютадиган қуёш иссиқлигини тақсимлаб турадиган асосий воситалардир. Атлантика океанининг 30° ш. к. билан 30° ж. к. орасидаги юзаси қуёш энергиясини кўгтроқ ютади. Океаннинг бошқа қисмида эса иссиклик атмосферага ўтиб туради. Илиқ ва совуқ оқимлар таъсирида сувнинг т-раси кенглик зоналарида катга фарқ қилади. 30° ш. к. дан шим. да, ғарбда т-ра шарқдагига нисбатан 10° паст бўлади. 30° ш. к. билан 40° ж. к. орасида эса аксинча: бу ерда ғарбда т-ра шарқдагига нисбатан 5° юқори.

Сувнинг шўрлиги сув балансига боғлиқдир: йилига океан юзасидан 1040 мм сув буғланиб кетади, океан юзасига эса йилига 780 мм ёғин ёғади ва қуруқликдан 200 мм ёғинга тенг ҳажмда сув келади. Тропик ва субтропик кенгликларда йилига 1640 — 1660 мм сув буғланади. Экваторда эса йилига 1400 мм, 60° ш. к. да 780 мм, 60° ж. к. да эса атиги 320 мм сув буғланади. Эква-торга энг кўп — йилига 1770 мм ёғин ёғади, 20° ш. к. да эса 640 мм, 20° ж. к. да 270 мм ёғин ёғади. Ўртача кенгликларда эса ёғин миқдори йилига 1100 — 1200 мм га етади. Шунга кўра тропик ва субтрогтик кенгликларда сув айниқса шўр (37,25%о), экваторда 35%о, жан. ўртача кенгликларда 34%о ва Антарктида яқинида 33,6%о —33,8%о, шим. ўртача кенгликлар ғарбида 32%о, шарқида 35,5%о. А. о. нинг юза қаватида кислород миқдори экваторда 4 л/м3, юқори кенгликларда 7,5 л/м3 гача. Сув кўтарилиши асосан ҳар ярим суткада такрорланади. Фанди қўлтиғида сув кўтарилиши 18 м га етади. Дунё океанида сув бундан баланд кўтариладиган жой йўқ. Атлантика океанининг ўрта қисмида сув кўтарилиши 1 м га яқин, қолган жойларида 0,5 дан 2,2 м гача. Кўплаб муз ва айсберглар океаннинг ўрта қисмига Шим. Муз океанидан оқиб келади. Муз ҳамда айсбергларнинг етиб борадиган ўртача чегараси тахм. 40° ш. к. дан ўтади. Айрим ҳолларда Атлантика океанининг жан. қисмида денгиз музлари ва айсберглар Антарктида материги яқинида ва Уэдделл денгизида ҳосил бўлади. Нояб.-дек. ойларида айсберглар айниқса кўпаяди ва океаннинг ўрта қисмида 40° ж. к. да, ғарбий ва шарқий қисмларида эса 35° ж. к. да кўплаб айсберглар учрайди.

Атлантика океани ўсимлик дунёси жуда хилма-хил. 100 м гача чуқур бўлган қисми (океан тубининг 2%) сув туби ўсимликлари (фитобентос) қўнғир, яшил ва қизил сувўтлардан, шунингдек шўр сувда ўса оладиган гулли ўсимликлар (филоспадикс, зоотера, посейдония)дан иборат. Атлантика океанининг 20° ш. к. билан 40° ш. к. орасида ва 30° ғ. у. орасида Саргассо денгизи жойлашган. Бу денгизда саргасс деб аталадиган қўнғир сувўтлар ниҳоятда кўп. Фитопланктон фитобентосдан фарқ қилиб, океаннинг 100 м ли устки қисмида ҳамма жойда учрайди, 40 — 50 м ли устки қисмида эса айниқса кўп. Фитопланктон бир ҳужайрали майда сувў-тлардан иборат. 1 м3 сувда 1 мг дан 100 мг гача фитопланктон бор.

Атлантика океанининг ҳамма қисмида ҳайвонлар бор. Тропикларга томон ҳайвон турлари хилма-хил бўла боради. Совуқ ва мўътадил минтақаларда бир неча минг ҳайвон тури бўлса, тропик кенгликларда ўнларча минг ҳайвон турлари бор. Совуқ ва мўътадил минтақаларда сут эмизувчилардан кит ва курак оёқлилар, балиқлардан сельдь, трескасимонлар, олабуғасимонлар ва камбаласимонлар хосдир, зоопланктон орасида курак оёкди қисқичбакасимонлар ва баъзан қанот оёқли моллюскалар кўпчиликни ташкил қилади. 100 дан ортиқ ҳайвон тури биполяр, яъни совуқ ва мўътадил минтақалар учун, тропикларда эса учрамайдиган ҳайвонлар (тюленлар, денгиз мушуклари, китлар, килька, сардина ва б.) хос. Атлантика океанининг тропик қисмида кашалот, денгиз тошбақалари, қисқичбақасимонлар, акулалар, учар баликлар, краблар, маржон полиплари, сцифоид медузалар, сифонофоралар, радиолариялар яшайди. Атлантика океанининг чуқур сув фаунаси булутлар, маржонлар, нинатанлилар, қисқичбақасимонлар ва б. денгиз ҳайвонларидан иборат.

Тадқиқ қилиниш тарихи. Атлантика океани инсониятга қадим замондан маълум бўлган: милоддан 1200 й. олдин финикияликлар, 300 — 100 й. олдин римликлар Атлантика океанининг Европа ва Шим. Африка қирғоқларига яқин қисмларида, 9 — 10 – а. ларда славян қабилалари Болтиқ денгизида сузганлар. 15 – а. да испан ва португал денгизчилари Ҳиндистон ва Хитойга борадиган денгиз йўлларини қидириб, Атлантика океанининг узоқ-узоқ жойларига борганлар. Ана шулардан португал Б. Диаш (1487), X. Колумб (1492 – 1503), инглиз Ж. Кабот (1497) ва португал Васко да Гама (1498) саёҳатлари алоҳида ўрин тутади. 1520 й. Ф. Магеллан дунё бўйлаб саёҳат қилганда Атлантика океанидан ўтган. Ф. Ф. Беллинсгаузен, М. П. Лазарев (1819-21), Ж. Кук (1772), И. Ф. Крузенштерн (1803) ва б. нинг саёҳатлари ҳам Атлантика океани ҳақида маълумот берди. Атлантика океанини ўрганишда Халқаро геофизика йили даврида ўтказилган океанографик тадқиқотлар катта аҳамиятга эга бўлди. Шундан сўнг Атлантика океанини бир қанча мамлакатларнинг олимлари ҳамкорлиқда ўргана бошладилар. Атлантика океани Ҳукуматлараро океанографик комиссия дастурлари асосида ишлайдиган халқаро эк-спедициялар, шунингдек Россия, Англия, Франция, Нидерландия, Бразилия, Аргентина ва б. мамлакатлар экспедициялари томонидан ўрганилмоқда.

Иқтисодий географик очерк. Атлантика океани муҳим иқгисодий ва стратегик аҳамиятга эга. Атлантика океанига дунё кемаларида ташиладиган юкларнинг 60%, балиқовлашнинг 40% тўғри келади. Суюқ ёқилғи ва металлургия хом ашёлари айниқса кўп ташилади. Атлантика океани орқали ўтган денгиз ва ҳаво йўллари бир қитьани иккинчиси билан боғлайди. Транс-Атлантика ҳаво йўлларининг кўп қисми Шим. Атлантика орқали ўтади ва Европадаги Лондон, Париж, Амстердам ва б. пойтахт шаҳарларни АҚШ ва Канада шаҳарлари билан боғлайди. Европа билан Жан. Америка орасида ҳам авиатрасса бор. Дунёдаги энг катта портларнинг кўпчилиги Атлантика океани ҳавзасида жойлашган.

Минерал ва энергетика ресурслари. Атлантика океани минерал хом ашё захираларига бой. Мексика ва Бискай қўлтиғи, Шим., Кариб ва Ўрта денгизлари материк саёзлигидан нефть қазиб олинади. Мексика қўлтиғидан — олтингугурт, Ньюфаунленд қўлтиғидан темир рудаси, Жан. Африка қирғоқлари яқинидан олмос ва б. фойдали қазилмалар олинади.