АСҚАР ПИЧОҚСОЗ

АСҚАР ПИЧОҚСОЗ (асли номи Асқархўжа Ойсархўжа ўғли, 1878 — Андижон вилояти Қўрғонтепа туманидаги Қорасув қишлоғи — 1964) — пичоқсоз уста. Қорасув пичоқсозлик мактабининг йирик вакили. Пичоқ-созлик ҳунарини уста Тўхтасиндан ўрганган. Қорасув ва Шаҳрихонда пичоқсозлик қилган. Асқар пичоқсоз аъло нав пўлатдан юпқа, ихчам, кескир, силлиқ ва ғоят нақшдор пичоқлар ясаган. 2-жаҳон уруши даврида ўзбек жангчилари учун қилич ва пичоқ ясаган. 1948 й. дан Қорасувда ташкил этилган артелда ишлаган. Устанинг ўз ўғиллари билан ясаган пичоқлари Андижон, Ўш, Ўзган, Жалолобод ва б. жойларда «Қорасув пичоғи» номи билан машҳур. Асқар пичоқсоз ишини ўғли Бакиржон Асқаров ва унинг шогирди Акромжон Тошбоевлар давом эттирмоқда.