АСҚАД МУХТОР (тахаллуси; фам. Мухторов, 1920.23.12, Фарғона—1997.17.4, Тошкент) — Ўзбекистон халқ ёзувчиси (1980). Ўрта Осиё ун-тининг филол. ф-тини тугатган (1942). Андижон педагогика инситутида кафедра мудири (1942 — 45). «Ёш ленинчи», «Қизил Ўзбекистон» газ. ларида масъул котиб, бўлим мудири (1945—48). Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси бошқаруви котиби (1957-69, 1985-88), уюшма бошқаруви раисининг ўринбосари (1965), «Шарқ юлдузи» (1960—65), «Гулистон» (1969—80) жур. лари, «Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газ. си бош муҳаррири (1981-82).
Дастлабки достони — «Бизнинг авлодлар» (1939) Бухоро меҳнаткашларининг ўтмиш ҳаёти ҳақида. Адиб ижодида ўзбек халқининг маънавий камолотини кўрсатиш масаласи муҳим ўрин эгаллаган. Бу ниятини у ўзбек ишчи синфи ҳаётини тасвирлаш орқали амалга оширишга интилади. Шу жиҳатдан «Пўлат қуювчи» (1947) поэмаси билан «Дарёлар туташган жойда» (1950), «Опа-сингиллар» (1954), «Туғилиш» (1961) асарлари ўртасида муштараклик бор. «Давр менинг тақдиримда» (1964), «Чинор» (1969) романларида меҳнат кишисининг юксак инсоний фазилатлари тасвирланган. «Чинор» романи мазмун ва шаклига кўра ўзига хос асар бўлиб, унда ўзбек халқи босиб ўтган тарихий йўл, кишилар руҳияти ифода этилади. Меҳнат кишиси образи, унинг яратувчилик фаолияти «Бўронларда бордек ҳаловат» (1976) қиссасида янги қирралари билан акс этди. «Амударё» (1986) романи Афғонистондаги воқеалар ҳақида ҳикоя қилади. Адиб қаҳрамонлари фикрловчи, мушоҳада юритувчи, баҳслашувчи кишилардир. Бу ҳол унинг лирикаси учун ҳам хосдир. «99 миниатюра» (1962), «Шеърлар» (1966), «Сирли нидо» (1984) ва б. китобларига кирган назмлари билан ўзбек поэзиясининг бой имкониятларини намойиш қилди. Унинг поэтик ижоди ҳаётий мазмунга тўла, кўпроқ воқеабанд, ҳажвиётга мойил. Уларда инсон ҳаётининг ўткинчилиги ва ҳақиқати ҳақидаги ўйлар, инсон ва табиат муносабатларига оид му-раккаб савдолар акс этган. «Мардлик чўққиси» (1948), «Яхшиликка-яхшилик» (1949), «Чин юракдан» (1956), «Дунё болалари» (1962), «Илдизлар», «Жар ёқасидаги чақмоқ» (1984), «Кумуш тола» (1988) ва б. асарлари болаларга бағишланган. «Тонг билан учрашув» (1987) пьесалар тўплами нашр этилган. «Уйқу қочганда» (1997) китоби ҳоз. ҳаёт, маънавият, маданият ва ижод масалаларига бағишланган.
Софокл, Шекспир, шунингдек жаҳон адабиёти йирик намояндаларининг айрим асарларини ўзбек тилига таржима қилган. Асарлари бир қанча хорижий тилларда босилган. Ҳамза номидаги Ўзбекистон Давлат мукофоти лауреати (1972). «Дўстлик» ордени билан мукофотланган (1995).
Ac: Асарлар, 4 жилдли, Т., 1980—83; Тонг билан учрашув, Т., 1987.
Ад.: Сойимов Б., Асқад Мухтор прозаси, Т., 1969; Каримов Ҳ., Асқад Мухторнинг инсонни тасвирлаш санъати, Т., 1972.