АСФАНДИЁРХОН

АСФАНДИЁРХОН (?-1918) — Хива хони (1910—18). Отаси Муҳаммад Раҳимхон II вафотидан сўнг рус подшо ҳукуматининг ёрдами билан тахтга чиқди (1910). 1910, 1914 й. лари Петербургда бўлди. Асфандиёрхон даврида маърифатпарвар вазир Исломхўжа ташаббуси билан Хива ва б. шаҳарларда почта-телеграф, касалхона, икки Мадраса ва янги типдаги мактаблар, ҳатто рус мактаблари қурилдди. А. Исломхўжани хазинадаги маблағни беҳуда совуришда айблаб қатл этди (1913), А. бутун ерларни қайта ўлчатиб, меҳнаткаш халққа оғир солиқлар солди. Унинг зулмига қарши 1915 й. Манғитда, 1916 й. янв. да Хўжайлида халқ чиқишлари бўлиб ўтди. 1905—07 й. ларда ташкил топган «Ёш хиваликлар» ташкилоти 1917 й. фев. инқилобидан сўнг ошкора иш бошлади. Бу ташкилот 1917 й. 5 ап-р. да хонни буржуа ислоҳоти ўтказиш ҳақидаги манифестга қўл қўйишга мажбур этди. Шу тариқа хон бошлиқ конституцион монархия тузилди. Давлатни идора этувчи «Идораи машварат» ташкил топди. Лекин ислоҳот меҳнаткашлар аҳволини яхшиламади. Асфандиёрхон кўп ўтмай «Идораи машварат»ни тарқатиб, яна мустабид ҳокимият ўрнатди. Асфандиёрхон 1918 й. 22 янв. да юқори мартабали амалдорлар ва дин аҳллари иштирокида давлатни бирга бошқариш ҳамда большевикларга қарши курашиш учун Жунайдхон билан Хивада музоқара олиб борди. Натижада А. Жунайдхонни қўшин бошлиғи (сардори карим) этиб тайинлаб, ҳокимиятни унга топширди. Орадан кўп ўтмай, Жунайдхон ҳокимиятни бутунлай қўлга олиш учун Асфандиёрхонни яширин равишда ўлдиртирди. Жунайдхон тахтга ўз таъсиридаги Саид Абдуллахонни ўтқазди.