АСФАНДИЁРХОН

АСФАНДИЁРХОН (Исфандиёрхон) (? – 1643) — Хива хони (1623-43), Араб Муҳаммадхоннинг ўғли. Эрон шоҳи Аббос I ҳомийлигида, туркманлар ёрдами б-н укаси Элбарс (Илбарс) Султонни тахтдан ағдариб, 1623 й. Хивада хонлик тахтига ўтирди. У туркман зодагонларига таяниб иш юритди. Эрон давлати қўлига ўтиб қолган Жан. Туркманистонни Хива хонлигига қўшиб олишга интилди, аммо 1628 й. да сафавийлар қўшинидан енгилди. 17-а. нинг 30—40-й. ларида Бухоро ва Россия савдо карвонларига зарар етказаётган қалмоқларга қарши қаттиқ кураш олиб борди; қалмоқларга қарши иттифоқ тузиш мақсадида Москва билан музоқаралар юритди. Араб Муҳаммадхонни ўлдиришгани учун укалари Ҳабаш Султон билан Элбарс Султонни қатл этиб, уларга ёрдам берган Хоразмдаги уйғур ва найман қабилаларининг чорва молларини тортиб олди ва уларга қарши қирғин уюштирди. Асфандиёрхон даврида тарқоқлик ва зулм кучайди. Бундан фойдаланган йирик мулкдорлар ўз вакилларидан бири Абулғозийни Асфандиёрхонга қарши қўйдилар. Натижада 1643 й. Абулғозий хон қилиб кўтарилди. Худди шу йили Асфандиёрхон вафот этди. Орадан 2 йил ўтгач, Абулғозий Баҳодирхон Хивада тахтга ўтирди.