АСФАЛЬТ — боғловчи қурилиш материали; битумга майда минерал тўлдиргич қўшиб тайёрланади. Асфальтнинг табиий (нисбатан кам учрайди) ва сунъий хиллари бор. Табиий Асфальт нефтдан, гипергенеза (атмосфера) таъсирида енгил фракцияларнинг буғланиши ва оксидланиши натижасида ҳосил бўлади. Сунъий Асфальт, асосан, 13—60% нефть битумнинг оҳактош кукуни билан аралашмасидан тайёрланади. Асфальт гидроизоляция материали сифатида, пол ва йўлларга ётқизиш, қопламалар тўшаш учун қум, шағал, чақиқ тош билан аралаштириб ишлатилади.