АСТРОФОТОМЕТР

АСТРОФОТОМЕТР (остро… ва фото, юн. metreo — ўлчайман) — осмон жисмларидан кузатувчига етиб келган ёруғлик миқдорини (юлдуз катталигини) ўлчайдиган асбоб. Визуал, фотографик, фотоэлектрик хиллари бор. Визуал Астрофотометрда осмон ёритқичининг ёруғлиги, тўғрироғи юлдуз катталигини аввалдан маълум бўлган ёруғлик манбаи (электр лампочкаси ёки юлдуз) билан солиштирилади. Бунда электр лампочкага берилаётган ток кучланишини ўзгартириш ёки нурлар йўлига диафрагма қўйиш усулидан фойдаланилади. Қуёш, Ой, комета ва ҳ. к. нинг равшанлигини ўлчашда солиштирма манба сифатида электр лампочка (равшан объектлар учун) олинади ёки радиоактив элементлар ёрдамида экранни ёритиш усули (хира объектлар учун) қўлланилади. Визуал Астрофотометрда юқори аниқликка эришиш қийин. Фотографик фотометрия ҳам текширилувчи ва солиштирилувчи манбаларнинг интенсивлигини таққослашга асосланган. Ҳозир жуда сезгир фотокўпайтиргичлар ва электрон оптик ўзгартгичлар асосида юлдуз электрфотометри, ўзгарувчанток билан ишлайдиган милтилловчи фотометрлар ва фотон саноқчилар қўлланилмоқда. Улар ёрдамида юлдуз катталигини ±0,001 аниқликда ўлчаш мумкин. Космик жисм нурланишини тўла ўлчаш учун термоэлемент, болометр ва радиометрлар ишлатилади. Осмон ёритқичи жуда хира бўлганда маълум вақтда Астрофотометрнинг фотосезгир қатламидан ажралиб чиқаётган фотоэлектронлар сонини санашга асосланган фотон саноқчи ва энергиянинг спектр бўйлаб тақсимланишини ўлчовчи спектроболометрлар қўлланилади.