АСТРОНАВИГАЦИЯ

АСТРОНАВИГАЦИЯ — денгиз кемаси, самолёт, Ернинг сунъий йўлдоши, космик кемалар ва б. нинг ҳаракат йўналиши ва вазиятини аниқлаш усули. Денгиз кемаси ёки самолётнинг вазияти ва ҳаракат йўналишини астрономик кузатишдан аниқлаш усуллари денгиз астрономияси ёки авиация астрономиясида ўрганилади. Ҳозир Ернинг сунъий йўлдошлари ёрдамида денгиз ва океанлардаги кемалар ва автоматик аппаратларнинг вазиятларини, йўналишларини, тезлигини ва орбиталарини Ер, Ой, Қуёш ва координатлари жуда аниқ юлдузларга нисбатан ҳисоблаб, текшириб бориш Астронавигациянинг вазифалари ҳисобланади. Қуёш системасидаги сайёралараро учишни ва Ерга яқинлашиб ўтадиган кометалар томон юбориладиган автоматик аппаратларни бошқариш ва айнан мўлжалга олиб бориш ишлари ҳам Астронавигацияда бажарилади.