АСТРОКОЛОРИМЕТРИЯ

АСТРОКОЛОРИМЕТРИЯ (астро… ва лот. color — ранг, metron — ўлчаш) — ҳар хил рангларда осмон ёритқичи ёруғлигини ўлчаш орқали унинг физик кўрсаткичларини ўрганиш билан шуғулланадиган соҳа. Ёритқичдан келаётган нўрни ҳар хил рангли нур кўрсаткичлар орқали ўтказиб, нур қабул қилувчи ва ўлчовчи асбоблар ёрдамида унинг интенсивлиги ўлчанади. Ҳар бир нур қабул қилувчи асбоб ўзига хос спектрал сезгирлик максимумида қўлланилади. Икки хил рангда ёритқич нурининг интенсивликлари, аииқроғи, юлдуз катталиклари айирмаси унинг ранг кўрсаткичи дейилади. Ранг кўрсаткичи ёритқич спектрида энергиянинг тақсимланишини кўрсатади ва ёритқичнинг т-расига боғлиқ бўлади. Паст т-радаги юлдузлар қизил, юқори т-радагилар оқ ёки ҳаворанг нур сочади. Т-ра билан ранг кўрсаткичи орасида богланиш мавжуд. Ёритқич спектрини тўлароқ ўрганиш мақсадида кўп рангли колориметрик тизимлар қўлланилади. Бунда нур қабул қилувчи асбоб сифатида фотоэлектрон кўпайтиргич қўлланилади ва ҳар хил махсус танланган рангли шиша тўсқичлар ишлатилади. Мас, уч рангли тизим ультрабинафша (V), кўк (В) ва сариқ (V) нурларда юлдуз катталиги U — В ва В — V ранг кўрсаткичларини ўлчашга асосланган. Олти рангли тизимда қўшимча яшил (G), қизил (R) ва инфрақизил (I) юлдуз катталиклари ўлчанади. Колориметрик ўлчашлар ёритқичнинг ранг т-раларини ва самарали нурланиш рангини (тўлқин узунлигини) аниқлашга имкон беради.

Исроил Сатторов.