АСТРАХОН ВИЛОЯТИ

АСТРАХОН ВИЛОЯТИ — РФ таркибидаги вилоят. Қуйи Волга бўйида, жан. қисми Каспий денгизига туташади. Астрахон вилояти 1943 й. 27 дек. да ташкил этилган. Майд. 44,1 минг км2. Аҳолиси 1014 минг киши (1999), асосан, руслар; қозоқ, татар ва украинлар ҳам яшайди. Астрахон вилоятида 11 маъмурий туман, 5 шаҳар, 13 шаҳарча бор. Маркази — Астрахон ш.

Астрахон вилояти Каспий бўйи пасттекислигидаги чала чўллар, Волга-Ахтуба қайири ва Волга дарёси дельтасини ўз ичига олади. Астрахон вилояти ҳудудида шўрхоклар, шўр кўллар ҳамда қум тепаликлари бор. Шўр кўллардан энг йириги Босқунчоқ кўлидир. Иқлими кескин континентал ва жуда қуруқ. Янв. нинг ўртача т-раси шим. да — 10°, жан. да —6°, июлники эса шим. да 24° ва жан. да 25°. Ўртача йиллик ёғин 200 мм. Энг йирик дарёси Волга ва унинг тармоги Ахтуба. Тупроқлари оч каштан шўртоб ва қўнғир тупроқлар. Бошоқлилар, шувоқ, шўра, ўтлоқ ўсимликлари ўсади. Сайғоқ, турли кемирувчилар, судралувчилар, ҳашаротлар яшайди. Волгада 50 дан зиёд балиқ тури учрайди. Нефть, газ, туз, гипс каби фойдали казилмалар бор. Волга дельтасида Астрахон қўриқхонаси ташкил қилинган. Астрахон вилоятида озиқ-овқат (балиқ, гўшт, туз), машинасозлик, шунингдек ёғочсозлик ва целлюлоза-қоғоз саноати, сабзавотчилик, полизчилик, чорвачилик ривожланган. Етакчи саноат тармоқлари — тахта тилиш, ёғочсозлик ва целлюлоза-қоғоз саноати. Кимматбаҳо осётр ва частик балиқлари овланади. Астрахондаги балиқ-консерва корхоналарида балиқ қайта ишланади. Астрахон вилоятида Россияда энг йирик бўлган Босқунчоқ туз корхонаси ишлаб турибди. Астрахон вилоятида металлсозлик, кемасозлик ва кема тузатиш саноати корхоналари, кўн з-ди ва мўйна ф-каси мавжуд. Қамиш плиталар ишлаб чиқарувчи з-д бор. Буғдой, кузги жавдар, ем-хашак, полиз экинлари экилади. Чорвачиликда гўшт-жун қўйчилиги ва гўшт-сут қорамолчилиги ривожланган. Транспортда етакчи ўринни денгиз транспорти эгаллайди. Волга ва унинг ўнг тармоғи Бахтемир дарё транспортида муҳим аҳамиятга эга. Астрахон вилояти темир йўл орқали Россиянинг бошқа р-нлари билан боғланган.