АСОСИЙ КАПИТАЛ

АСОСИЙ КАПИТАЛ — капиталнинг асосий и. ч. воситалари (машина, асбоб-ускуна, и. ч. бинолари ва ускуналари) ни ўз ичига олувчи, иқтисодий жиҳатдан ўз қийматини ишлаб чиқарилган товарларга аста-секин ва узоқ муддатда ўтказиб борувчи қисми. Асосий капитал пул шаклида ускуна, машина-механизмлар, бино-иншоотлар ва б. қийматидан иборат бўлиб, улар сотиб олинган пайтдаги бозор нархи билан ҳисобланади. Асосий капитал қийматининг бир қисми ҳар йили маҳсулотнинг и. ч. ва сотиш харажатларига киради ва амортизация ажратмалари тарзида махсус амортизация фондида жамғарилади. Асосий капитал ҳажмига караб меҳнатнинг капитал б-н қуролланиши даражасини баҳолаш мумкин (А. к. қиймати ишловчилар сонига тақсимланади). Асосий капитал таркибан икки қисмга бўлинади: меҳнат қуролларида гавдаланган капитал (машина-механизмлар); и. ч. нинг моддий шароитини яратишда гавдаланган капитал (бино, иншоот, қурилма ва ҳ. к. лар). Бу қисмлар нисбати и. ч. нинг турли соҳаларида ҳар хиддир (қ. Капитал).