АСОС — мантиқий тафаккўрнинг муҳим шакли ҳисобланган хулоса чиқаришнинг таркибий қисмларидан бири. Чинлиги амалиётда текширилган ва исботланган маълум фикрни ифодалайди. Ундан номаълум фикрни — хулосани келтириб чиқариш учун фойдаланилади. Индуктив хулоса чиқаришда Асос миқдори чегараланмаган бўлиб, тайин билимларни ифодалайди ва умумий хулоса келтириб чиқариш учун хизмат қилади. Дедуктив хулоса чиқаришда, аксинча Асос сифатида умумий билимлардан фойдаланилади ва улар тайин билимлар ҳақида хулоса чиқаришга хизмат қилади. Дедуктив хулоса чиқаришда Асоснинг миқдори чегараланган бўлади. Мантиқий тафаккурнинг исботлаш шаклида эса Асос далил, аргумент шаклида келади ва исботланиши лозим бўлган тезисни асослаш учун келтирилади. Асоснинг чинлиги хулоса ёки тезиснинг чин бўлиши учун муҳим шартлардан биридир, лекин бундан ташқари ҳукмлар бир-бири билан тўғри боғланган ва тартиб билан келтирилган бўлиши лозим. Акс ҳолда тўғри Асосдан нотўғри хулоса чиқиши мумкин.
Умуман илмда, турмушда, ҳар қандай мунозара ва муҳокамада, бирор фикрни исботлаш ёки бирор хулосага келиш учун фойдаланиладиган фикр Асос деб юритилади.