АСЛ ҚОРА

АСЛ ҚОРА, Кизляр қораси, Просковейск қораси — ўртапишар винобоп узум нави. Халқ селекцияси йўли билан Шим. Кавказда чиқарилган. Тупи кучли ўсади. Барги ўртача катталикда, беш бўлакчали, арра тишли, орқаси бир оз тукли. Гули икки жинсли. Узум боши ўртача, цилиндр-конуссимон, вазни 150 — 250 г, шингил ва ғужумлари ўртача тиғиз. Ғужуми думалоқ, кўк-бинафша, катталиги ўртача (16 — 18 мм). Эти пушти, ширин, серсув (таркибида 27% гача қанд бор). А. қ. куртак ёзгандан бошлаб фаол ҳарорат йиғиндиси 2890° да 140 кунда пишади. Ҳосилдорлиги 100 — 120 ц/га. Асосан, Шим. Кавказда р-нлаштирилган. Ўзбекистонда Тошкент ва Сирдарё вилоятларида экилади. Спирти паст қизил винолар ва шарбатлар тайёрланади.