АСКОМИЦЕТСИМОНЛАР, хал тачали замбуруғлар (Ascomycetes) — махсус халтачаларда ривожланиб етиладиган споралар орқали кўпа-ювчи замбуруғлар синфи. 42000 дан ортиқ тури бор. Баъзи турлари жинссиз йўл билан турли конидиал споралар ҳосил қилади. Замбуруғ мицелийси бир ядро (гаплофаза) ҳужайрали ва халтача ҳосил қилувчи қўш ядро (диплофаза) ҳужайрали гифлардан иборат. Аскомицетсимонларнинг энг содда тузилган вакилларида халтача бевосита зиготадан етилади; бунда гифларнинг икки ҳужайраси ва ҳужайра ядролари ўзаро қўшилиб, зигота ҳосил қилади, зигота эса ўз навбатида халтачага айланади. Айни вақтда копуляция туфайли юзага келган зигота ядроси редукция йўли билан кетмакет бўлина боради. Шу тариқа икки ёки уч бўлинишдан сўнг тўртта ёки саккизта гаплоид ядролар, уларнинг ёнида эса шу ядролар сонига тенг келадиган аскоспоралар ҳосил бўлади. Бунда зиготадан битта халтача етилади. Бироқ кўпчилик Аскомицетсимонларда (айниқса танасидаги халтачалари тўда-тўда бўлиб ўрнашган вакилларида) зиготадан битта эмас, бир нечта халтача ҳосил бўлади. Аскомицетсимонлар асосан тана тузилишига ва қисман халтача шаклига мос ҳолда бўлинади. Улар яланғоч халтачалилар, яъни тубан A. (Gymnoasci), мевахалтачалилар (Carpoasci) ва локулоаскомицетлар (Loculoasci) деб аталувчи учта кенжа синфга ҳамда бир неча оилаларга бўлинади. Кенг тарқалган, кўпчилик сапрофитлар тупроқда, турли органик қолдиқларда учрайди, озиқ-овқат маҳсулотларида кўпайиб, уларни бузади. Лишайниклар танасида яшайдиган барча замбуруғлар Аскомицетсимонларга киради. Конидия даврида кўпчилик Аскомицетсимонлар ўсимлик, ҳайвонларда паразитлик қилади, целлюлозани ва ҳар хил саноат маҳсулотларини емириб зарар келтиради. Аскомицетсимонлар микробиология саноатида ферментлар, антибиотиклар ва б. маҳсулотлар олиш мақсадида фойдаланилади. Бир қанча турлари (қўзиқорин, строчок, трюфель ва б.)дан озиқ-овқат сифатида фойдаланилади.