АСКАРИДАЛАР

АСКАРИДАЛАР (Ascarididae) — тўгарак чувалчанглар оиласи. Умуртқали ҳайвонлар ва одам ичагида паразитлик қилади. 9 уруғни ўз ичига олади. Типик уруғи (Ascaris)ra 18 тури киради. Одатда одам аскаридаси (A. Lumbricoides) ва чўчқа аскаридаси (A. suum) кўп учрайди. Одам аскаридаси эркагининг уз. 15 — 25 см, урғочиси 25 — 40 см. Бир суткада ичакка 200 мингдан ортиқ тухум қўяди. Тухумлари ахлат билан ташқи муҳит (тупроқ ёки сув)га тушади. У ерда етилган тухум сабзавот ва мевалар орқали яна ичакка тушади. Тухумдан чиққан личинкалар ичак ворсинкалари орқали қонга, қон орқали ўпкага, йўтал тутганда у ердан халқумга чиқади ва яна ютилиб ичакка тушади, 2 — 2,5 ойда вояга етади. Урғочи аскарида ҳар 2 — 2,5 ойда тухум қўя бошлайди. Аскаридалар аскаридоз деб аталадиган хавфли касалликни пай-до қилади. Ичакдаги аскаридани тушириш мақсадида сурги дорилар ва антигельминтлар ишлатилади. Аскарида тухумини юқтирмаслик учун санитария ва гигиена қоидаларига қатъий риоя қилиш лозим.

Аскаридалар паррандалар (товуқ, курка, каптар ва б.)да ҳам учрайди. Бунда касаллайган товуқларнинг тухум қилиши камаяди, ўсиши секинлашади. Давоси: дон билан пиперазин тузи қўшиб берилади, нилверм, панакур ва б. Препаратлар қўлланилади. Олдини олиш: касаллик тарқалган хўжаликларда дегельминтизация ўтказилади (ойда бир марта), гўнг биотермик зарарсизлантирилади ва б. чора-тадбирлар қўлланилади.