АСБЕСТ САНОАТИ

АСБЕСТ САНОАТИ — асбест рудасини қазиб олиш ва асбест толаси ишлаб чиқариш саноати. Қад. Хитой, Ҳиндистон, Юнонистонда асбестдан турли буюмлар тайёрланган. Асбестнинг ўтга чидамли бўлиши (1550° да эрийди), эластиклиги, адсорбция қобилияти, кам миқдорда иссиқлик ва электр токини ўтказиши, юқори механик қаттиқлиги каби хусусиятлари уни техник мақсадларда 19 – а. нинг 80-йларидан кўп саноат тармоқларида кенг қўлланишига олиб келди. Ҳоз. кунда Асбест саноати қўшилган маҳсулотларнинг 2 мингга яқин хили энергетика ва электротехника саноатида, т. й. транспорта, авиация, трактор, автомобиль ишлаб чиқаришда ва б. да қўлланилади. Анинг физик ва кимёвий хусусиятлари уни қурилиш материаллари и. ч. да фойдаланишига кенг имконият яратади. Ўзбекистондаги уч корхона: «Бекободцемент», «Қувасой-цемент» ва «Оҳангаронцемент» акциядорлик жамиятлари ҳар йили ўртача 3,5 млн. дона катта ўлчамли асбоцемент шифер (тўлқинли ва ясси) ва 525 км асбоцемент қувурлар ишлаб чиқаради. Уларнинг жами и. ч. қуввати эса йилига 11,4 млн. дона катта ўлчамли шифер ва 1671 км қувурдан иборат. Мамлакатимизда саноат аҳамиятига эга бўлган Асбест саноати конлари очилмаганлиги сабабли, ҳоз. га қадар ушбу хом ашё Қозоғистон ва Россия корхоналаридан келтирилади. Импортни камайтириш мақсадида мумкин бўлган жойларда асбест маҳсулоти ўрнига базальт ва б. минерал толалар ишлатилмоқда, мас, Оҳангарон корхонасида шифер таркибидаги Асбест саноатини 30% гача минерал толага алмаштирилди. Асбестнинг атроф мухитга салбий таъсири борлиги сабабли дунё микёсида А с. маҳсулотлари и. ч. кейинги йилларда камайиб бормоқда.

Мирҳамид Тўраев.