АСАЛАРИ КАСАЛЛИКЛАРИ

АСАЛАРИ КАСАЛЛИКЛАРИ — асалариларда учрайдиган касалликлар. Асосан инфекцион, инвазион (юқумли) ва юқумсиз касалликларга бўлинади. Инфекцион касалликлардан Америка чириш касаллиги (ғумбакда) ва Европа чириш касаллиги (личинкаларда) кўп учрайди. Ромлардаги катакларга қўйилган уруғлар чириб кетиши билан ку-затилади. Касалликни замбуруғлар қўзғатади. Даволаш ва кураш чоралари: уядаги зарарланган ромлар дезинфекция қилинади, шифобахш қиём (2 кг шакар, 1 л сув)га пеницилин, норсульфазол, стрептомицин каби антибиотиклардан бири (1л қиёмга 1 г ҳисобида) қўшиб берилади. Юқумли касалликлардан нозематоз касаллиги асалариларнинг ўрта ичакларини зарарлаб, кучли ич кетиш билан кузатилади. Нозема апис замбуруғлари споралари қўзғатади. Касалланган арилар ромларда эмас, уя деворларига ёпишиб туради. Даволаш: шифобахш қиём (2 кг шакар, 1 л сув)га фумаглин (1 л га 50 — 100 г) қўшиб берилади. Даволаш 5 — 7 кун оралиқ билан 2 — 3 марта такрорланади.

Юқумли касалликлардан яна бири каналар қўзғатадиган варроатоз касаллигидир. Ўрта Осиёда кенг тарқалган. Каналар асалариларнинг чоти, қаноти ости ва қорин қисмларида паразитлик қилади. Кураш чоралари: асалари ромлари остига вазелин сурилган тунука қоплама қўйилади. Фенотиазин препарати тутатилиб, уя 30 — 40 мин. димланади (тутун таъсирида каналар вазелин суртилган тунука қопламага тўкилиб, ёпишиб қолади). Уя очилиб шамоллатилади ва каналар йиғиб олиниб куйдирилади.

Юқумсиз касалликлардан заҳарли ва зарарли ўсимликлардан олинган нектар, гулчанг, шунингдек турли кимёвий моддалардан заҳарланиш кўпроқ учрайди. Даволаш: касаллик белгилари аниқланиши билан кечқурун асалариларга илиқ сув ёки 20% ли шакар қиёми берилади. Асаларизорни бошқа жойга кўчириш яхши натижа беради.

Иброҳим Жўраев.