АСАКАОВДОН — Устюрт платосининг жан. даги тектоник ботиқ. Шимда Марказий қирлар (Қорабовур қирлари) ва жан. да Устюрт кўтарилмалари (Қоплонқир қирлари ва унинг ғарбдаги давоми) ўртасида жойлашган. Геологик жиҳатдан Асакаовдон букилмаси ўрнига мос келади. Асакаовдонда палеозой жинслари 5000 м чуқурликда жойлашган. Шим. ён бағрида Шохпахти ва Шим. Асакаовдон структуралари мавжуд. Шохпахти структурасида қуйи юра ётқизиқлари қуйи триаснинг аргиллит ва оҳактошлари устида жойлашган. Юра ва бўр даври ётқизиқлари қумтош, гравелит, гил, оҳаклашган қумтош, ангидритдан иборат. Юқори бўрнинг ётқизиқларида мергел ва оҳактош ҳам бор. Палеоген ётқизиқлари гилли алевролит, неогенда сармат яруси (юқори миоцен)га оид оҳактош, мергел ва қумтошлар кенгроқ тарқалган. Апшерон ётқизиқлари (плиоцен), шағал ва конгломератдан иборат. Асакаовдон усти қад. делювиал-пролювиал ва ёшроқ кўл-аллювиал ётқизиклари билан банд.
Асакаовдоннинг уз. ғарбдан шарққа қарийб 90 км, эни 20 — 40 км. Тубининг мутлақ бал. 30 дан 60 м гача. Майд. 5600 км2. Жан. қисми бир оз кўтарилган. Шим. қисми эса пастроқ. Асакаовдон тубининг ўртароқ қисмидаги замини тошлоқ, гипслашган марза ботиқни иккига бўлиб туради. Ботиқлар тубида қолдиқ дўнгликлар бор. Пастқамликлар кўл-аллювиал ётқизиқлар билан банд. Шамол ҳаракати натижасида турли рельеф шакллари ҳосил бўлган. Анинг ён бағирлари чуқур ўзанлар билан ўйилган. Асакаовдонда грунт сувлари атрофдаги кир ва текисликларда вужудга келиб, ботиқ томон оқим ҳосил келади. Минераллашув даражаси ҳар л да 60 — 100 г ни ташкил қилади. Сариқамиш ботиғидаги кўлнинг сатҳи кўтарилиб бораётганлиги сабабли Асакаовдон грунт сувлари сатҳи ҳам шарқий қисм (Шўржа ботиғи) да кўтарилиб бормоқда.
Асакаовдоннинг жан. тошлоқпи ва марзали қисмининг тупроғи гипслашган бўз-қўнғир тупроқ, пастқамликларда тақирлар, шўрхоклар бор. Анинг шарқий ва марказий ҳудудларида қорасаксовулзор ва шохилакзорлар кенг тарқалган, дўнгликларда юлғун, қумликларда жузғун, селин, қум акацияси (қуёнсуяк) ўсади. Шохпахти структурасида табиий газ конлари бор.