АСАКА ТУМАНИ — Андижон вилоятидаги туман. Вилоятнинг марказий қисмида жойлашган. 1926 й. 29 сент. да ташкил этилган (1962 и. 24 дек. да Марҳамат тумани билан бирлаштирилган, 1970 й. 7 дек. да қайта тузилган). Андижон вилоятининг Шаҳрихон, Марҳамат, Андижон, Хўжаобод туманлари ва Фарғона вилоятининг Қува тумани билан чегарадош. Майд. 0,26 минг км2 (1995). Аҳолиси 174,9 минг киши (2000). Асака туманида 1 шаҳар (Асака) ва 8 қишлоқ йиғини (Зарбдор, Илғор, Кужган, Мустаҳкам, Ниёзботир, Ўзбекистон, Қадим, Қоратепа) бор. Маркази — Асака ш.
Табиати. Рельефи текислик, жарликлар, қир ва нисбатан баланд адирлардан иборат. Шим.-шарқида Андижон, Асака адирлари ва қирлари жойлашган. Иқлими континентал. Июлнинг ўртача т-раси 26, Г, янв. ники — 2,9°. Йилига ўртача 180 — 190 мм ёғин тушади. Вегетация даври 220 кун. Туманнинг шим. ва шим.-шарқидан Катта Фарғона канали, Шаҳрихонсой, жан. дан Оқбўйра ва Аравонсойлар оқиб ўтади. Асака ташламаси ва Обиҳаёт суғориш машина канали бор. Тупроқлари, асосан, бўз тупроқ, адирлари арзиқ тупроқ бўлиб, суғориб деҳқончилик қилинади. Ёввойи ўсимликлардан шувоқ, шўра ва б. ўсади. Ёввойи ҳайвонлардан тулки, бўри, чиябўри, қуён яшайди.
Аҳолиси, асосан, ўзбеклардан иборат. Тожик, рус, татар, қирғиз, уйғур ва б. миллат вакиллари ҳам яшайди. 1 км2 ўртача 679 киши тўғри келади (2000).
Хўжалиги. Асака туманида мотор таъмирлаш з-ди, Асака дон маҳсулотлари акциядорлик жамияти, нефть маҳсулотлари таъминоти корхонаси, пахта тозалаш з-ди, мева ва сабзавотларни қайта ишлаш, ёғочсозлик «Турон» хусусий корхонаси, 3 паррандачилик ф-каси бор. Шунингдек, хусусий тадбиркорлик ҳам ривожланган. Туманда 431 кичик корхона фаолият кўрсатади (2000).
Қ. х. даги жами экин майдони 11070 га. Шундан 5995 га ерга пахта, 3902 га ерга буғдой, 47 га ерга сабзавот экилади; емхашак экинлари 1114 га, мева ва токзорлар қарийб 2000 га ерни ишғол қилади (2000). Туманда 2 жамоа хўжалиги (Бобур номидаги жамоа хўжалиги, «Шарқ ҳақиқати»), 8 ширкат хўжалиги («Янги ҳаёт», «Навбаҳор», «Ўзбекистон», «Ғалаба», «Ўзбекистон мустақиллиги», «Наврўз», «Асака», Ғулом Ёқубов номидаги ширкат хўжалиги) ва «Соҳибкор» мева-токчилик ширкатлар уюшмаси бор. Асака туманида 2000 й. да 19,0 минг т пахта, 30,0 минг т ғалла етиштирилди.
Асака туманида Андижоннинг энг фусункор ва сўлим гўшаларидан Асака чўнтаги жойлашган. Чўнтак Тошканбой Эгамбердиев номидаги маданият истироҳат боғининг тепа, чекка қисмига туташган. Шаҳрихонсойдан бошланган Ёв ариғи 6 км масофада юқорилаб оқиб, Чўнтакка етганда адир ён бағрилари бўйлаб чойхона сўрилари остидан оқиб ўтади. Ариқда радиуси 6,5 м ли, 110 кўрачаси бўлган чархпалак айланиб туради. Ушбу чархпалак бу ердаги 3 улкан чархпалакнинг энг каттаси бўлиб, унинг ёрдамида боғнинг юқори қисми суғорилади. Асака Чўнтаги атрофга нисбатан анча баланд. Шунинг учун бу жой ёз палласида хушҳаво, оромбахш масканга айланади.
Туманнинг барча қишлоқларида ободонлаштиришга эътибор кучайтирилган. Қишлоқлар ва маҳаллалар марка-зида савдо ва маиший хизмат шохобчаларига эга бўлган гузарлар ташкил қилинган. 1999/2000 ўқув йилида 51 умумий таълим мактабида 37,6 минг ўқувчи, 1 гимназияда 205 ўқувчи, 2 академик лицейда 360 ўқувчи таълим олди. 1999 й. да Асака қ. х. коллежи (300 ўқувчи), 2000 й. да Асака ижитмоий-иқтисодиёт ва пед. коллежи (600 ўқувчи) ишга туширилди. 500 оммавий кутубхона, 15 клуб, 4 киноқурилма, маданият уйи, музей, 885 ўринли 4 касалхона ва диспансер, 4 тиббиёт пункти бор (2000). 1930 й. дан «Асака ҳаёти» туман газетаси чиқади (адади 2900).
Тилаволди Ёқубов.