АСАКА АВТОМОБИЛЬ ЗАВОДИ

АСАКА АВТОМОБИЛЬ ЗАВОДИ, «ЎзДЭУавто» компанияси — Ўзбекистон автомобиль саноатининг етакчи ва тўнғич корхонаси. 3-днинг ишга туширилиши туфайли Ўзбекистон жаҳонда ўз автомобиль саноатига эга бўлган 28 мамлакат қаторидан ўрин одди. Асака автомобиль заводи Андижон вилоятининг Асака ш. да 1994—96 й. ларда қурилган. Автомобиль з-ди ўрта классдаги двигатели сиғими 1500 см3 бўлган «Нексия», ўта кичик классдаги ёнилғи кам сарфловчи, двигатели сиғими 800 см3 «Тико» енгил автомобиллари ҳамда фургон типидаги етти ўриндиқли, двигатели сиғими 800 см3 бўлган «Дамас» миниавтобусларни ишлаб чиқаради (автомобилларнинг техник тафсилотлари ҳақида Автомобиль мақоласига қ.). Унинг барча ускуна ва жиҳозлари Корея, Япония, Германия, Швеция, Италия мамлакатларида ишлаб чиқарилган илғор автоматика ва технологиялардан иборат. «ЎзДЭУавто» компанияси ёпиқ турдаги акциядорлик жамияти. Муассислари: ЎзР ҳукумати номидан «Ўзавтосаноат» уюшмаси ва Корея Республикасининг «ДЭУ» корпорацияси. Акциялари ҳиссаси 50% га 50% бўлиб, инвестицияларнинг умумий ҳажми 650 млн. АҚШ долларига тенг. Компанияни тузиш тўғрисидаги Таъсис шартномаси 1992 й. 29 авг. да имзоланган, з-д қурилиши эса 1994 й. бошларида бошланган. «Дамас» миниавтобуслари 1996 й. 25 мартдан, «Тико» 1996 й. июнь ойининг ўрталаридан, «Нексия» автомобили эса 1996 й. июль ойининг ўрталардан ишлаб чиқарила бошланди. 1996 й. 19 июлда з-днинг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди.

Қўшма корхонанинг умумий майдони ҳудуди 55 га. Асосий цехлар ягона бинода жойлашган. Бинонинг умумий майдони 16 га ни ишғол қилади. Бинонинг тепа қисмларида ҳам автомат бошқарувидаги улкан конвейрлар ишлаб туради. Автомобиль яратишнинг дастлабки жараёни асосан босма (пресс) цехидан бошланади. Жан. Кореядан келтирилган металл ўрами (автостал)дан шу цехда автомобиль «бичилади». Буни Япониянинг «Комаку» фирмасининг 500, 800, 1000 т ли пресслари бажаради. Машиналар конвейрлари пайвандлаш цехига ўтади. Бу цехда ишни асосан Швециядан келтирилган роботлар бажаради. Роботларни бир неча ишчи компьютер орқали бошқаради. Машиналар бўяш цехига тушиб, бўялиб чиқади, сўнг йиғув цехига ўтади. Бу цехда машина деталлари жой-жойига қўйилади. Тайёр бўлган автомобиллар синалиб, з-д эшигидан чиқарилади. 3-д кунига 200 «Нексия», 120 «Тико», 60 «Дамас» русумли автомашиналар ишлаб чиқаришга мўлжалланган. Корхонадан 2000 й. октябрь ойига қадар 216659 автомобиль, жумладан 103535 «Нексия», 63322 «Тико», 49802 «Дамас» ишлаб чиқарилди. 1999 й. 15 мингга яқин автомобиль экспорт қилинди. Корхонада 7000 дан ортиқ киши ишлайди, шундан 3700 дан зиёди бевосита и. ч. да банд, 3400 дан ортиғи сотув ва автохизмат тизимларида ишлайди (2000).

Тошкент ш. да автомобилларни сотиш ва сотувдан кейин хизмат кўрсатиш ваколатхонаси фаолият кўрсатади. Москва, Санкт-Петербург, Қозон, Екатеринбург, Тюмень, Новосибирск, Минск, Бишкек, Чимкент, Краснодар каби шаҳарларда минтақавий ваколатхоналари ва шўъба корхоналари очилган.