АРЬЯВАРТА

АРЬЯВАРТА («орийлар мамлакати») — Шим. Ҳиндистоннинг марказий қисмининг қад. ҳиндлар томонидан аталиши. Қад. ҳиндларнинг тасаввурича, Арьяварта мамлакатида Ҳиндистоннинг бошқа халқларига қараганда «олижаноб» кишилар яшаган. Бундай қарашлар бежиз бўлмаган, албатта, чунки Ҳиндистоннинг айнан мана шу қисми қад. ҳинд тамаддуни (цивилизацияси)нинг ўчоғи, Мауриялар давлати жойлашган ўлка бўлган. Бу ерда браҳманизм, буддизм ва жайнизм каби динлар шаклланган, унда яшаган халқларнинг адабий тиллари — санскрит ва пали — бутун Ҳиндистоннинг адабий тилига айланган.