АРТЕЛЬ — фуқароларнинг биргаликда хўжалик фаолияти юритиш мақсадларида тузган ихтиёрий уюшмаси шаклларидан бири. Аксарият ҳолларда Артель атамаси меҳнат жараёнларини биргаликда бажариш учун тузилган ширкатларга (балиқ овлаш, қ. х. артеллари) ёки ўз аъзолари меҳнатини умумлаштирмай, қисман и. ч. воситаларига эгаликни бирлаштирувчи уюшмаларга нисбатан қўлланилади. Собиқ Иттифоқда якка тартибда меҳнат фаолияти билан шуғулланувчи товар ишлаб чиқарувчилар хўжаликлари (ҳунармандлар, косиблар ва б.) 20-й. ларнинг бошидан и. ч. воситаларини умумлаштириш асосида социалистик хўжалик юритиш йўлига ўтказилган ва қ. х., ҳунармандчилик, балиқчилик А. лари каби жамоа хўжаликлари тузилган эди. Уларнинг и. ч. режалари давлат халқ хўжалиги режасига киритилар эди. 80 – й. лар охирида якка тартибда меҳнат фаолияти билан шуғулланишга доир қонунлар қабул қилингач, бундай Артельлар ўз аҳамиятини йўқотди. Ҳозир балиқ овлаш, олтин излаш, касаначилик, маиший хизмат кўрсатиш соҳаларида қисман Артельлар сақланиб қолган.