АРСЛОНҚУЙРУҚ

АРСЛОНҚУЙРУҚ (Leonurus L.) — ялпиздошлар оиласига мансуб кўп йиллик ва бир йиллик ўтлар туркуми. 14 тури маълум. Ўрта Осиёда 4 тури ўсади. Ер устки қисми таркибида алкалоидлар, сапонинлар — ошловчи ва б. моддалар бор. Дамлама ва настойкаси юрак, гипертония касалликлари, асабийликда (тинчлантирувчи дори сифатида) қўлланилади. Тошкент Самарқанд ва Сурхондарё вилоятларидаги тоғли ерларда 2 тури учрайди. Шундан Туркистон A. (L.turcestanicus) ни халқ юқоридаги касалликларни даволашда ишлатиб келган.