АРСЛОНХОН МУҲАММАД ибн СУЛАЙМОН

АРСЛОНХОН МУҲАММАД ибн СУЛАЙМОН (тўлиқ исми Муҳаммад ибн Сулаймон ибн Довуд Кучтегин ибн Тамғачхон Иброҳим) (? — 1130/1131) — Мовароуннаҳр ҳукмдори (1102—30). Қорахонийлардан. Барқиёруқ вассали Сулаймонтегиннинг ўғли. 1102 й. Самарқанд тахтига Арслонхон унвони б-н ўтқазилган. 12 минг мамлукдан иборат қўшин тузиб Дашти Қипчоққа бир неча бор ҳарбий юришлар қилган. Умрининг охирида фалаж бўлиб қолгани туфайли тахтни ўғиллари — дастлаб Наср, сўнг Аҳмад билан бошқарган. Самарқанд салжуқийлар томонидан эгаллангач (1130 й. 13 март), А. М. С. Балхга жўнатилган ва ўша ерда кўп ўтмай вафот этган. У Марвдаги ўзи қурдирган мадрасага дафн этилган. Арслонхон Муҳаммад Ибн Сулаймон даврида маданий ҳаёт бирмунча ривожланган. Бухоро ва унинг вилоятида кўплаб бинолар қурилган. Mac, Жарқўрғон минораси ва Масжиди калон ёнидаги минора ҳозиргача сақланган.