АРРАТУМШУҚ БАЛИҚЛАР

АРРАТУМШУҚ БАЛИҚЛАР (Pristidae) — скатлар туркуми оиласи. Уз. 6 м гача, оғирлиги 2400 кг гача. Танаси ясси, кўкрак сузгичларининг четлари боши билан қўшилиб кетган, жабра ёриқлари бошининг остки томонида. Узун тумшуққа айланган бошининг ёни бўйлаб тишга ўхшаш ўсимталари бўлганлиги учун шундай ном берилган. 7 тури маълум, тропик ва субтропик денгизларда, тропик чучук сувларда тарқалган, сув тубида ҳаёт кечиради, тирик туғади. Оддий арратумшуқ (Pristis pectinalis) кенг тарқалган. Атлантика, Тинч ва Ҳинд океанлари денгизларида, жумладан Ўрта денгизнинг соҳилга яқин унча чуқур бўлмаган жойларида, Америка дарёларида учрайди. Австралия арратумшуғи (P. leichhardti) арраси ёрдамида сув тубидаги лойдан ҳар хил умуртқасиз ҳайвонларни ковлаб олиб ейди, баъзан майда балиқлар билан ҳам озиқланади. Одам учун хавфли эмас.