АРРАКАШЛАР

АРРАКАШЛАР — ўтроқ қоринли пардақанотлилар кенжа туркуми бир неча оилаларининг умумий номи. Урғочиси аррага ўхшаш тухум қўйгичи ёрдамида ўсимлик барги, пояси ва органларига тухум қўяди. Личинкаларининг тузилиши ва ҳаёт кечириш хусусияти турли оилаларда бир хил эмас. Ҳақиқий Арракашлар (Jenthredinidae) личинкасининг 3 жуфт кўкракоёқлари билан бирга бир жуфт сохта қориноёқлари ҳам бўлади, бошқа Арракашлар личинкасининг қориноёқлари ривожланмаган, кўкракоёқлари кучсиз ривожланган. Личинкаси ўсимликлар устида очиқ ҳаёт кечиради (Jenthredinidae оиласи) ёки ўргимчак турига ўхшаш баргларни ўраб оладиган тўри ичида яшайди (тур тўқувчи Арракашлар — Pamphiliidae). Шохдор думли (Siricidae) ва поя А. (Cephidae) пояда яширин ҳаёт кечиради. Личинкаси тупроққа тушиб ғумбакка айланади. Вояга етган Арракашлар гул нек-тари билан озиқланади, личинкаси ўсимликларга катта зиён келтиради. Арракашларда партеногенез кўпайиш кенг тарқалган, бир йилда 4 тагача партеногенез бўғини ривожланади.

Ўзбекистонда қулупнай A. (Allanthus cinctus) қулупнай, атиргул ва мевали дарахтларга; отқулоқ A. (Ametastogia glabrata) ўтчил ўсимликларга; олча А. (Caliroa cerasi) мевали дарахтларга; дон A. (Cephus pygmaeus) буғдой, арпа ва б. донли экинларга зиён келтиради. Кураш чоралари ерга тўқилган ўсимлик қолдиқларини йиғиб олиб йўқотиш, ерни чуқур ҳайдаш ва чопиқ қилишдан иборат.