АРПАҒОН

АРПАҒОН (Eremopyrum) — буғдойдошлар оиласига мансуб бир йиллик ўсимликлар туркуми. Пояси силлиқ, туксиз, бўйи 4 — 25 см. Баргининг эни 3—4 мм, тукли. Бошоғи тухумсимон, уз. 1,5 — 3 см, эни 0,9 — 2 см. Бошоқчаси 3 — 5 гулли. Арпағон апр. — май ойларида гуллаб, мева беради. Асосан, қумлоқ ва майда тошли тоғ ён бағирларида ўсади. Ўзбекистоннинг барча вилоятларида, шунингдек Қорақалпоғистонда учрайди. Арпағон — баҳорги энг яхши ем-хашак ўсимлиги. Унинг таркибида 12 — 14% гача протеин ва 24 — 27% клетчатка бўлади. Арпағонни ҳамма қ. х. ҳайвонлари ейди.