АРПА

АРПА (Hordeum) — ғалладошлар оиласига мансуб бир ва кўп йиллик ўтсимон ўсимликлар туркуми. Евросиё ва Америкада 30 га яқин тури маълум. Деҳқончиликда Арпа Ўрта Осиё (Туркманистон жан.) да мил. ав. 12 — 10-минг йиллиқдан экиб келинади. Ватани Олд Осиё. Экма Арпа (Н. sativum) жаҳондаги кўпгина мамлакатларда етиштирилади. Биологик хусусиятларига кўра, Арпа баҳори ва кузги турларга бўлинади. Арпа илдиз тўплами попуксимон: асосий илдиз ҳайдалма қатламда ривожланади. Пояси похолпоя, 4 — 6 та бўғимли, бўйи 30 — 35 см дан 130 — 134 см гача. Барги барг пластинкаси, барг қини, тилча ва қулоқчалардан иборат, бошқа ғалла ўсимликларининг баргидан кўра кенгроқ. Тўпгули бошоқ. Меваси пардали ёки яланғоч дон, ранги сарғиш, оч жигарранг ва оч кулранг. 1000 та дони вазни 20 — 60 г. Баҳори Арпанинг вегетация даври 55—110 сутка, кузгисиники 180 — 210 сутка (нав хусусиятлари ва экиладиган ҳудудга қараб). Арпа энг тезпишар дон экинидир. Арпа ўзидан чангланувчи ўсимлик, гули ёпиқ. Майсалари 4 — 5° да униб чиқади, ўсиб ривожланиб бориши учун қулай ҳарорат 22°. А. иссиққа чидамли ўсимлик, ҳаво қуруқлигини яхши кўтаради. Халқ хўжалигида Арпадан хилма-хил мақсадларда (озиқ-овқат, ем, пиво саноати учун хом ашё) фойдаланилади. Донида 13% сув, 2% оқсил, 64,6% углеводлар, 5,5% клечатка, 2,1% ёғ, 2,8% кул моддаси бор. 1 кг арпа дони 1,2 озуқа бирлигига тенг.

Лалми деҳқончилик минтақасида баҳори, суғориладиган ерларда кузгиқишки ва кўкламги намдан яхши бахра оладиган юқори ҳосил берадиган кузги Арпа етиштирилади. Жуда эрта қуруқ жазирама иссиқ бошланмасидан олдин (маининг охири — июнь) пишиб етилади. Суғориладиган майдонларда ҳар гектаридан 50 ц гача ҳосил беради. Ўзбекистонда суғориладиган ерларда Қарши, Зафар, Циклон; лалми ерларда Байшешек, Унумли арпа, Нутанс ва б. навлари экилади. Уруғлари 4 — 5 см чуқ. га қадалади, экиш меъ-ёри Арпанинг фақат ўзи эқилганда 100 — 120 кг/га, вика билан бирга эқилганда 50 — 70 ва 40 — 50 кг/ га. Арпа ўғитларга талабчан. Юқори ҳосил олиш учун гектарига 30 — 45 кг N (азот), 45 – 60 кг Р2О5 (фосфор), 60 кг К,О (калий) солинади.

Арпа зараркунандалари: швед пашшаси, гессен пашшаси, симқуртлар, арракашлар, кўккўз ва б; касалликлардан энг кўп зарарлайдигани қоракуя, занг касаллиги, уншудринг, фузариоз, бактериоз ва б.

Ад:. Курбанов К., Ячмень в условиях богарў Ўзбекистона, Т., 1972; Йигиталиев М., Муҳаммадхонов С, Дала экинлари селекцияси ва уруғчилиги, Т., 1981.

Қўзибой Душамов.