АРНАСОЙ КЎЛЛАРИ — Мирзачўл б-н Шарқий Қизилқум туташган жойдаги кўллар. Шим.-шарқдан жан.-ғарбга чўзилган тектоник ботиқда. Кўллар тубининг мутлақ бал. 250 м чамасида. Кўллар вужудга келгунга қадар унинг ўрни геоморфологик жиҳатдан Қизилқум каби эол қум рельефидан иборат бўлган. Пастқамликларни эса шўрхок ва майда кўллар эгаллаган. 1969 й. да Чордара сув омборидан катта ҳажмда ортиқча сувнинг чиқариб ташланиши натижасида пастқамликлар сув билан тўлиб бир неча кўл вужудга келди. Кўллар ўзаро тор ўзанлар орқали туташган. Умумий уз. 32 км, энг кенг жойи 12 км, ўртача чуқ. 1 — 3 м. А. к. га Марказий Мирзачўл ташламаси орқали шўр зовур сувлари ҳам келиб қуйилади (ҳажми 1,6 — 1,8 км3), шўрлиги 1 л да 4 — 5 г. Қишда Чордара сув омборидан маълум миқдорда сув оқизилади, шунинг учун кўл сувининг минераллашув даражаси унчалик юқори эмас. Арнасой кўлларидан ортиқча сув тор йўлак орқали Айдар кулига оқиб ўтади. Кўллар қамишзорлар билан банд. А. к. да сувда сузувчи қушлар, товон балиқ, зоғора балиқ, лаққа балиқ, судак, лешч ва б. балиқлар мавжуд. Арнасой кўлларида балиқ овланади.