АРНАСОЙ ДАВЛАТ ОРНИТОЛОГИЯ БУЮРТМА ҲУДУДИ — Жиззах вилоятидаги Тузкон кўлида 1983 й. да ташкил этилган (ҳозир Айдар кўли, Тузкон, Арнасой кўллари бирлашиб кетган). Майд. 63,5 минг га. Ўткинчи қушлар (баклан, чайка (балиқчи қуш), қарқара ва б.) ва шу ерда уя қуриб жўжа очадиган ёввойи ўрдак, ғоз ва б. қушлар муҳофаза қилинади. Ҳудудида катта-катта қушлар галалари яшайди, сувда сузувчи қушлар, сув ҳайвонлари кенг тарқалган. Соҳил бўйидаги қамишзорлар ва буталар орасида ондатра, тулки, қорсоқ, қамиш мушуги ва б. яшайди. Кўлда зоғора балиқ, лаққа балиқ, усач каби балиқ турлари кўп.