АРМАН ТИЛИ

АРМАН ТИЛИ — арман халқининг тили. Ҳинд-Европа тиллари оиласининг мустақил бир гуруҳи. Айрим фонетик, морфологик, лексик хусусиятларига кўра, Кавказ тилларига яқин. Бу тилда жаҳон миқёсида 4 млн. га яқин арман сўзлашади, шундан 3,0 млн. га яқини Арманистонда, 1 млн. дан ортиқроғи хорижда. Арман тили тарихи уч даврга бўлинади, яъни: а) қад. Арман тили (грабар тили, 5 — 11-а. лар); б) ўрта давр А. т. (11 — 17-а. лар); в) ҳоз. арман адабий тили (17-а. дан бошлаб). У кўплаб диалектларга ажралувчи ғарбий ва шарқий гуруҳга эга. Арманистон аҳолиси шарқий гуруҳ Арман тилида сўзлашади. Арман тилида 6 унли ва 30 ундош товуш бор. Грамматик жинс йўқолган, 7 келишик, турланишнинг 8 хили мавжуд. Арман тили асосан агглютинатив тилдир.