АРКТИКА ЗООГЕОГРАФИЯ ОБЛАСТИ

АРКТИКА ЗООГЕОГРАФИЯ ОБЛАСТИ — дунё океани зоогеография области. Шим. Қутб доирасида жойлашган. Шим. муз океанининг Баренц денгизи жан.-ғарбий қисмидан ташқари ҳамма денгизларини, жумладан Оқ денгиз ва Гудзон кўрфазини ўз ичига олади. Чегараси Шим. Американинг шарқий соҳиллари бўйлаб Ньюфаундленднинг жан. гача давом этади. Денгизларининг унча чуқур бўлмаслиги ва уларга жуда кўп дарёларнинг қуйилиши сабабли сувида тузлар миқдори дунё океанига нисбатан кам. Суви совуқ бўлганлиги, қишда доим муз билан қрпланганлиги учун ҳайвонот дунёси хилма-хил эмас, илиқ денгизларда кенг тарқалган кўпчилик ҳайвонлар бу ерда учрамайди ёки кам учрайди. Сувнинг чуқурлиги бўйлаб ҳарорат деярли бир хил бўлганлиги учун ҳайвонот дунёси ҳам ҳар хил чуқурликда кам ўзгаради. Лекин қутб ёзида сувнинг кеча ва кундуз давомида ёритилиб туриши туфайли Арктика сувларида ёзда фито – ва зоопланктоннинг айрим турлари жуда тез кўпайиб, катта биомасса ҳосил қилиши натижасида денгиз ҳайвонларининг кўпайиши учун қулай шароит вужудга келади. Бужиҳатдан Баренц денгизи диққатга сазовордир. Шим. Атлантикадан бу ерга езда треска, пикша, олабўға, сельд, сайра каби балиқлар кўплаб келади, улар трал ёрдамида овланади. Арктика зоогеография областининг ҳайвонот дунёси 3000 дан ортиқ тўрни ўз ичига олади, шундан 17 тури сут эмизувчилар, 150 тури баликлардан иборат. Сут эмизувчилардан оқ айиқ, қутб, яъни Гренландия кити, белуха ва нарвал дельфинлари, морж, кокилдор тюлень; қушлардан кайра, қутб крачкаси, чистик ва балиқчи қушларнинг айрим турлари; балиқлардан семга, ялангбалиқ, шарқ трескаси, сайка ва б. А. з. о. учун хос бўлган ҳайвонлар ҳисобланади. Гагарка, қутб оқ балиқчиси, сайка, шарқ трескаси, айрим лососсимонлар (омуль, чир, шопур) эндемик турлардир. Арктика зоогеография области ҳайвонот дунёсига одам фаолияти нисбатан кам таъсир кўрсатган. Арктика зоогеография областига хос кўпчилик ҳайвонлар сони кам бўлгани учун уларни қўриқлаш мақсадида бир қанча тадбирлар амалга оширилмоқда. Чунончи Арктика ҳавзасидан фойдаланадиган барча давлатлар ўртасида оқ айиқ ва Гренландия китини муҳофаза қилиш тўғрисида битим тузилган. Морж, кокилдор тюлень, оқ балиқчи ва балиқларнинг бир қанча турлари ҳам муҳофаза қилинади.

Ад.:Ко6ышев Н. М., Кубанцев Б. С, География животных с основами зоологии, М, 1988.