АРИД ЎЛКАЛАР

АРИД ЎЛКАЛАР (лот. aridus – қурғоқчил) — чўл иқлимли ўлкалар. Арид ўлкаларда ҳавонинг суткалик ва йиллик т-ралари катта тафовут қилади, нисбий ҳамда мутлақ намлик кам, ёғин жуда оз (150 — 200 мм) бўлади. Арид ўлкаларда транзит (шу ерлардан ўтадиган) дарёларни мустасно қилганда доимий оқар сувлар бўлмайди, ўсимликлар жуда сийрак ёки бутунлай йўқ, табиий нураш кучли, тупроғи бошланғич ҳолда. Арид ўлкалар тропик, субтропик ҳамда мўътадил минтақаларда — материкларнинг ичкари қисмларида ва қўшни ўлкалардан келадиган нам ҳаво оқимларини тоғ тизмалари тўсиб турган ерлар (Ўрта Осиё, Эрон чўлларида ҳамда юқори босимли ўлкалар — Саҳрои Кабир, Арабистон я. о., Қуйи Калифорния, Колорадо этаги, Атакама, Намиб, Австралия чўллари)да кўпроқ учрайди. Арид ўлкаларга Марказий Осиё чўллари энг яхши мисолдир. Бу ер Евросиё материги ўртасида, шамоллар келадиган океанлар (Атлантика океани)дан жуда узоққа жойлашган ёки тоғлар билан тўсилган.