АРДАШИР

АРДАШИР ,I Арташир Папакон (тахм. мил. 180 — 239 ёки 241) — Эрондаги сосонийлар сулоласи асосчиси ва дастлабки шоҳи. Ардаширнинг бобоси Сосон Форс пойтахти — Истахр ш. даги бош ибодатхонанинг коҳини бўлган. Ардашир Парфия подшоси Артабон V (209 — 224)нинг вассали Дарабгирд (Форсдаги қалъа) ҳокими саройида хизмат қилган. Тахм. 200-й. да ушбу қалъа ҳокими бўлган; тез орада бутун Форс, Кирмон ва Гей (ҳоз. Исфаҳон)ни ўзига тобе этган ҳамда зодагонлар ва руҳонийлар мададига таяниб Артабон V га қарши чиққан. 224 й. 28 апр. да Ормиздагон текислигида парфияликларга қақшатқич зарба берган, Парфия подшолиги шундан сўнгтугатилган. 226/227 й. шаҳаншоҳ унвони билан тож кийган. Ардаширнинг Месопотамия ва Арманистонга эгалик қилиш учун Рим билан Шаркда олиб борган урушлари натижасида Сосонийлар давлати ҳудуди анча кенгайган.

Ад. Пигулевская Н. В. Якубовский А. Ю. Петрушевский И. П. Строева Л. В. Беленицкий Ардашир, История Ирана с древнейших времен до конца XVIII века, Л., 1958.