АРВОҲИ ПИР (араб. — руҳлар ва форс — устоз) — шогирднинг мустақил уста бўлиш учун устознинг розилигини олиш ва ўтмиш пирлар «арвоҳини шод этиш» мақсадида ўтказадиган зиёфати, йиғини.
Косиблар анъанасига кўра, Арвоҳи пирни йирикроқ касб аҳллари, чунончи ипакчиликда тўқувчилар, бўёқчилар, абрбандлар, шунингдек сартарош, дурадгор, новвой, темирчи, созанда ва б. берадилар. Арвоҳи пирда айни касбга тегишли ҳамма ҳунармандлар (шогирдлар ҳам) ва оқсоқол, девона оқсоқол, эшонбобо ва пайки тарийқлар қатнашади, бошқа касб аҳлларидан 1—2 тадан вакил (меҳмон тариқасида) чақирилади. Арвоҳи пир берувчи буларнинг ҳаммасига нонушта, тушки ва кечки овқатлар бериб, зиёфат қилади. Зиёфатга устоз ёки шогирднинг яқинлари, бошқа касб ахллари совға тариқасида яхши таомлар (иссиқ нон, мева-чева, баъзан пишган таомлар), кийим-кечаклар ҳам олиб келадилар. Зиёфат охирида Арвоҳи пир берувчининг «Устоздан фотиҳа олиш маросими» ўтказилади. Маросимда уста ўз шогирдига бир дўконда иш тутиш учун етарли асбоблар совға қилади. Шогирд устозига бош-оёқ сарпо тақдим этади. Шогирд пирининг йўлини қабул этади ва эшонбобо ҳузурида «камарбаста» бўлади. Шу билан шогирд уста номини олади.