АРАФОТ

АРАФОТ — Маккадан 20 км нарида жойлашган, уз. 11 — 12 км ва кенглиги 6,5 км бўлган водий. Шим. томондан тоғ тепалиги билан ўралган, бу тепалик ҳам Арафот дейилади. Қурбон ойи (Зилҳижжа ойи) нинг 9-куни, яъни арафа куни ҳожилар шу тепаликка чиқиб, то Қуёш ботгунга қадар ибодат билан машғул бўладилар. Ислом манбаларидаги ривоятга кўра, Иброҳим (ас)га Жаброил шу тепаликни кўрсатиб: «Шу жой — Арафотдир, билиб олинг, ҳаж арконлари шу ерда камолига етади, шу ерда гуноҳларингизни эътироф этасиз», деганлар. Бошқа бир ривоятда Одам Ато билан Момо Ҳавво жаннатдан чиқариб юборилганларидан кейин бирбирлари билан шу ерда учрашганлар, дейилади. Арафот тепалигида бир баланд жой борки, у ерни «жабали раҳма», яъни «раҳмат тоғи» дейилади. Муҳаммад (сав) вафотларидан 81 кун олдин, ҳижратнинг 10-йили Мадинадан ҳажга келиб, арафа куни шу тепаликка чиққанлар ва оқ туяларини чўктириб, унинг устида туриб «Видолашув ваъз»ларини айтганлар. Шу сабабли бу жой узоқдан кўриниб туришлиги учун устун шаклида кўтарилиб, оққа бўяб қўйилган.